Жорий йил 18 октябрда Қашқадарёда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг “Халқчил IPO” Roadshow тақдимоти ва журналистлар учун медиа-тренинг ўтказилди.
Мазкур тадбирларда биржа аъзолари, трейдерлари, савдо иштирокчилари ва оммавий ахборот воситаси вакиллари иштирок этишди.
Roadshow давомида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ раҳбарияти томонидан биржанинг сўнгги йиллардаги ривожланиш динамикаси ва ўрта муддатли истиқболдаги ривожлантириш стратегияси тўғрисида батафсил маълумотлар берилди ҳамда компания акцияларини сотиб олиш бўйича “Халқчил IPO”да иштирок этиш тартиби тушунтириб берилди.
Таъкидланганидек, “Халқчил IPO”да “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ устав фондидан 4,44 фоиз акцияларни сотиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, жойлаштириш бўйича нарх оралиғи ҳар бир акция учун 12 900 сўмдан 18 000 сўмгача бўлиб, аризаларни қабул қилиш 2024 йил 28 октябргача давом этади.
“Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ акцияларини сотиб олиш учун аризалар “E-AUKSION” электрон савдо майдончаси ёки “GO INVEST” мобиль иловаси орқали берилиши мумкин.
Шу билан бирга, “Товар бозорларида бозор тамойилларини жорий қилиш ва шаффофликни таъминлашда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг тутган ўрни” мавзусида медиа-тренинг ўтказилди.
Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Қашқадарё филиали фаолияти мисолида мамлакатимиз товар бозорларида биржа механизмларини тутган ўрни ҳамда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришдан иборат бўлди.
Медиа-тренинг давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва тадбиркорлар биржа филиалининг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Хусусан, биржа фаолиятига доир сўнгги ўзгаришлар ҳамда биржада амалга ошириладиган кундалик ишлар батафсил тушунтирилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Қашқадарё филиалида марказий савдо залидан ташқари жами 9 та савдо майдончалари, 135 та брокерлик идоралари ва қарийб 306 та трейдерлар фаолият юритади.
2024 йил январь – сентябрь ойларида филиалда ўтказилган электрон савдолар натижасида жами 9,0 трлн сўмлик битимлар тузилган бўлиб, уларнинг 74% биржа савдоларига, қолган қисми эса электрон тижорат савдо тизимларига тўғри келган.
Биржа савдоларида шаффофликни янада ошириш, биржа фаолиятини амалга ошириш учун белгиланган талабларни такомиллаштириш ҳамда тизимда рақамли технологияларни кенг татбиқ этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 сентябрдаги “Биржа савдоларига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш ҳамда соҳада рақамлаштириш жараёнларини изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида” 570-сон қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятини ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишлари белгиланган. Хусусан, жорий йил 1 ноябрдан биржада икки-томонлама қарама-қарши аукцион янги савдо режими жорий қилинади.
Мазкур савдо режимида икки томон бир вақтнинг ўзида ўз нарх таклифларини беришлари мумкин. Бунинг натижасида рақобат нафақат харидорлар балки сотувчилар ўртасида ҳам кучайиб боради.
Аукцион давомида сотувчилар ва харидорларнинг нархлари бир бирига мос келгунга қадар яқинлашаверади. Нархлар мос келган тақдирда эса, битимлар инсон аралашувисиз автоматик тарзда тузилади.
Шу билан бирга, аҳоли томорқаларида, фермер ва деҳқон хўжаликларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш тизимини такомиллаштириш, зарур бозор шароитларини яратиш орқали аҳоли ва деҳқонлар даромадини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 2 октябрдаги “Замонавий агрокомплекс фаолиятини илғор биржа механизмлари асосида ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 621-сон қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ ҳузурида ташкил қилинган “Agro Exchange” МЧЖнинг асосий вазифалари белгиланди ҳамда “UZEX Agro” электрон савдо платформасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш тартиби тасдиқланди.
Биржанинг “UZEX Agro” электрон савдо платформаси аҳоли томорқаларида, фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини эркин бозор нархида сотишга мўлжалланган.
Тадбирлар давомида биржа мутахассислари журналистлар, брокерлар ва тадбиркорларнинг қизиқтирган саволларига жавоб беришди.
Курилди: 1840