Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 сентябрдаги “Биржа савдоларига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш ҳамда соҳада рақамлаштириш жараёнларини изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида” 570-сон қарори ижросини таъминлаш доирасида республикамизнинг барча ҳудудларида биржа аъзолари, трейдерлари ва савдо иштирокчилари учун ўқув-амалий семинарлар бошланди.
Семинарлар тасдиқланган жадвалга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси қошидаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази билан ҳамкорликда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг раҳбарияти ва масъул ходимлари томонидан ўтказилмоқда.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад семинар иштирокчиларини товар биржалари фаолиятига доир қабул қилинган янги ҳукумат қарорларининг мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида жорий этилаётган янги савдо воситалари билан таништиришдан иборатдир.
Хусусан, семинарларда биржа соҳасидаги қонунчиликка киритилган сўнгги ўзгаришлар, икки томонлама қарама-қарши аукцион, деривативлар ва фьючерс савдолари, биржа савдолари, биржа комиссиялари, клиринг, рақобат ва ички назорат қоидалари, рақамли иқтисодиёт мавзуларида маърузалар ва тақдимотлар ўтказилмоқда.
Дастлабки семинарлар Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Қорақалпоғистон ва Хоразм филиалларида ўтказилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 сентябрдаги 570-сон қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”да биржада товар деривативларини жорий қилиш ишларини жадаллаштириш, биржа савдоларида қарама-қарши аукцион савдоларини ташкил этиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қилиш жараёнларига электрон тижорат фаолиятини изчил татбиқ қилиш чоралари белгиланган.
Шу муносабат билан Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси товар деривативлари бозорини жорий қилиш борасида илғор хорижий биржалар ва биржа фаолиятига алоқадор ташкилотлар, шунингдек халқаро ташкилотлар билан алоқаларни ўрнатиш, биржалараро ҳамкорликни кучайтириш ва биржа савдолари соҳасида тажриба алмашиш ишларини амалга оширмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси товар деривативлар ва фьючерс савдолари соҳасида АҚШ Савдо вазирлигининг Тижорат ҳуқуқини ривожлантириш дастури (CLDP) ва Товар фьючерслари бўйича комиссияси (CFTC), Евро-Осиё фонд биржалари федерацияси (FEAS), Халқаро фьючерс ассоциацияси (AFМ), Чикаго товар биржаси (CME), Нью-Йорк товар биржаси (NYMEX), Интерконтиненталь биржаси (ICE), NASDAQ биржаси, Лондон металл биржаси (LME), Далянь товар биржаси (DCE), Дубай олтин ва товар биржаси (DGCX), Индонезия товар ва дериватив биржаси (ICDX), Сингапур биржаси (SGX), Япония биржаси (JPX) ҳамда Phillip Capital халқаро инвестицион ва брокерлик компанияси, Exberry ва Baymarkets дастурий таъминот провайдерлари ва нуфузли халқаро экспертлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантирмоқда.
Шунингдек, биржа савдолари самарадорлигини ошириш ва савдо иштирокчилари учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида икки томонлама қарама-қарши аукциони ишга туширилмоқда.
Икки томонлама қарама-қарши аукцион биржанинг савдо режими бўлиб, бозор нархларини аниқлашнинг янада самаралироқ усули ҳисобланади. Хусусан, ундаги нархлар сотувчилар ва харидорлар ўртасидаги рақобат натижасида талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанат даражасида шаклланади.
Мазкур савдо режимида икки томон бир вақтнинг ўзида ўз нарх таклифларини беришлари мумкин. Бунинг натижасида рақобат нафақат харидорлар балки сотувчилар ўртасида ҳам кучайиб боради.
Аукцион давомида сотувчилар ва харидорларнинг нархлари бир бирига мос келгунга қадар яқинлашаверади. Нархлар мос келган тақдирда эса, битимлар инсон аралашувисиз автоматик тарзда тузилади.
Семинарлар давомида биржада жорий этилаётган икки томонлама қарама-қарши аукционнинг мазмун-моҳияти ва ишлаш тартибига бағишланган видеоролик намойиш этилди.
Шу билан бирга, аҳоли томорқаларида, фермер ва деҳқон хўжаликларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш тизимини такомиллаштириш, зарур бозор шароитларини яратиш орқали аҳоли ва деҳқонлар даромадини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 2 октябрдаги “Замонавий агрокомплекс фаолиятини илғор биржа механизмлари асосида ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 621-сон қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ ҳузурида ташкил қилинган “Agro Exchange” МЧЖнинг асосий вазифалари белгиланди ҳамда “UZEX Agro” электрон савдо платформасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш тартиби тасдиқланди.
Биржанинг “UZEX Agro” электрон савдо платформаси аҳоли томорқаларида, фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини эркин бозор нархида сотишга мўлжалланган.
Семинарлар очиқ мулоқот шаклида ўтказилиб, соҳа мутахассислари тингловчиларнинг барча қизиқтирган саволларига жавоб беришди.
Ўқув - амалий семинарлар қуйидаги жадвал асосида давом эттирилади.
№ |
Ҳудудлар |
Ўтказиш санаси |
1. |
Қорақалпоғистон Республикаси |
14-15 октябрь |
2. |
Хоразм вилояти |
16-17 октябрь |
3. |
Андижон вилояти |
21-22 октябрь |
4. |
Фарғона вилояти |
23-24 октябрь |
5. |
Наманган вилояти |
28-29 октябрь |
6. |
Сирдарё вилояти |
30-31 октябрь |
7. |
Самарқанд вилояти |
4-5 ноябрь |
8. |
Навоий вилояти |
6-7 ноябрь |
9. |
Жиззах вилояти |
11-12 ноябрь |
10. |
Бухоро вилояти |
13-14 ноябрь |
11. |
Қашқадарё вилояти |
18-19 ноябрь |
12. |
Сурхондарё вилояти |
20-21 ноябрь |
13. |
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти |
25-26 ноябрь |
Курилди: 1899