2023 йилда биржа орқали 1,8 тонна қимматбаҳо металлар сотилди | Новости

26 Янв 2024

2023 йил якунига кўра Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг биржа савдолари орқали умумий қиймати 1 138,0 млрд сўмлик 1,8 тонна қимматбаҳо металлар сотилди. Бунда, биржа орқали сотилган олтиннинг ҳажми 1 135,5 млрд сўм, кумушнинг ҳажми эса – 2,6 млрд сўмга етди.

Биржа орқали сотилган қимматбаҳо металларнинг сотув ҳажми 2022 йилга нисбатан 2,2 маротабага ошди.

2023 йил январь-декабрь ойлари давомида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида олтин бўйича шаклланган биржа котировкаси 1 грамм учун 684,8 минг сўмдан 786,0 минг сўмгача, яъни 14,8% га ўсди.

Қимматбаҳо металларнинг бошланғич баҳоси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг биржа битими тузилган санадаги курси бўйича миллий валютада Лондон қимматбаҳо металлар бозори уюшмасининг сўнгги тонгги фиксинги асосида белгиланади.

Биржа бозорида “Олмалиқ КМК” АЖ ва “Навоий КМК” АЖ қимматбаҳо металларнинг сотувчиси сифатида иштирок этмоқда, харидорлар эса саноатда ишлатиладиган маҳсулотларни қайта ишлаш қувватига эга бўлган ишлаб чиқарувчилар, заргарлик буюмлар ишлаб чиқарувчилар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, қимматбаҳо металлар Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг биржа савдолари орқали 2019 йил март ойидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 1 мартдаги №186-сонли “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖ биржа савдоларида қимматбаҳо металларни сотиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига асосан сотила бошланган.

Курилди: 4688