Биржага халқаро эксперт ташриф буюрди | Новости

10 Янв 2024

2024 йил 10 январь куни биржа савдолари бўйича халқаро эксперт Ламон Раттен Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасига ташриф буюрди.

Ташрифдан кўзланган асосий мақсад маҳаллий мутахассислар, брокерлар ва тадбиркорларга замонавий биржа савдо воситаларини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича маслаҳатлар беришдан иборат эди.

Ташриф доирасида халқаро эксперт ва Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, халқаро экспертлар билан яқиндан ўзаро ҳамкорлик қилиш биржа фаолиятини янада ривожланишининг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.

Учрашувда биржа фаолиятига оид презентацион видеоролик намойиш этилди. Шу билан бирга, Ламон Раттен Ўзбекистон биржасининг шаклланиш ва ривожланиш тарихи, унда сотиладиган товар активлари, биржа савдолари ва ўзаро ҳисоб-китоблар механизми, биржа фаолиятида ахборот технологияларини жорий этиш амалиётлари ҳамда биржанинг жорий ҳолати ва истиқболдаги режалари билан танишди.

Ўз навбатида, хорижлик меҳмон Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятига юқори баҳо бериб, биржа фаолиятининг тарихи Ўзбекистонда бозор муносабатлари барқарор ривожланиб келаётганидан далолат беришини таъкидлаб ўтди.

Экспертнинг фикрича, мамлакатимиз раҳбарияти томонидан фаол қўллаб-қувватланаётган биржанинг янги лойиҳалари алоҳида эътиборга лойиқ. Бунга, хусусан, янги биржа воситалари, шу жумладан пахта хомашёси бўйича жорий қилинган фьючерс шартномалари киради.

Ташриф доирасида Ламон Раттен маҳаллий мутахассислар, брокерлар, тадбиркорлар ва фермерлар учун очиқ мулоқот шаклида амалий семинар ҳам ўтказди.

Тренинг давомида эксперт деривативлар бозори механизмининг ўзига хос хусусиятлари ҳамда унинг ривожланишининг ҳуқуқий, ташкилий ва техник жиҳатлари ҳақида батафсил тушунтириб берди.

Шунингдек, биржада тузилган битимлар бўйича мажбуриятларни бажариш, деривативларни солиққа тортиш, хатарлар ва фойда нисбати, савдо иштирокчиларини ўқитиш ва бозор ликвидлигини таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга малакали жавоб олдилар ҳамда олинган маълумотларнинг фойдали ва амалий аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар.

Маълумот учун: Ламонт Раттен – биржа савдолари бўйича халқаро эксперт. Иш фаолияти давомида халқаро ташкилотларда турли лавозимларда ишлаган, шу жумладан БМТ ва Жаҳон банкининг лойиҳаларида иштирок этган. Ҳиндистон кўп тармоқли товар биржаси (МСХ) бошқарувчи директори (2003-2015 й.) ва Индонезия товар ва дериватив биржаси (ICDX) президенти (2017-2022 й.).

 

Источник : Pr bo'limi

Курилди: 4503