Халқаро конференцияда UZEX биржасининг тақдимоти бўлиб ўтди | Новости

08 Сен 2023

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси вакиллари Cbonds-Congress молия бозорлари бўйича бизнес-анжуманлар ташкилотчи компанияси томонидан ташкил этилган “Ўзбекистон республикаси капитал бозори” V-халқаро конференциясида иштирок этди.

Халқаро анжуманда назорат қилувчи органлар, маҳаллий банклар, инвестиция компаниялари, ишлаб чиқариш корхоналари, шунингдек, халқаро молия институтлари, рейтинг агентликлари ва инфратузилма компанияларининг 200 дан ортиқ вакиллари иштирок этди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг видео тақдимоти бўлиб ўтди, унда биржанинг сўнгги ютуқлари ва истиқболли лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Таъкидланганидек, ривожланган биржа инфратузилмаси ва самарали корпоратив бошқарув эвазига компаниянинг юқори рентабеллигига эришилган. Хусусан, сўнгги йилларда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг соф даромади, дивиденд тўловларининг ҳажмлари ва акцияларига бўлган талабнинг ўсиш тенденцияси кузатилмоқда.

Хорижий экспертлар ва консалтинг компаниялар иштирокида ишлаб чиқилган Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг ривожлантириш стратегиясида IT-инфратузилма ва савдо платформаларни модернизация қилиш, кўрсатилаётган биржа хизматларининг турларини кенгайтириш, ташқи савдо ҳажмларини ошириш ҳамда янги биржа савдо воситалари, шу жумладан товар деривативларини жорий этиш каби муҳим вазифалар ўз аксини топган.

Тақдимот якунида тадбир иштирокчилари ўртасида Ўзбекистонда биржа соҳасини янада ривожлантириш масалалари юзасидан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Кўрилди: 1111