UZEX биржаси орқали 1,0 тоннадан зиёд қимматбаҳо металлар сотилди | Новости

15 Сен 2023
Жорий йил бошидан буён Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг биржа савдолари орқали умумий қиймати 613,9 млрд сўмдан ортиқ 1,0 тоннадан зиёд қимматбаҳо металлар сотилди. Бунда, биржа орқали сотилган олтиннинг ҳажми 611,9 млрд сўм, кумушнинг ҳажми эса – 2,0 млрд сўмга етди.
 
Биржа орқали сотилган қимматбаҳо металларнинг сотув ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ҳам моддий, ҳам қиймат жиҳатдан тўрт маротабага ошди.
 
2023 йил январь-сентябрь ойлари давомида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида олтин бўйича шаклланган биржа котировкаси 1 грамм учун 684,8 минг сўмдан 744,1 минг сўмгача, яъни 9% га ўсди.
 
Қимматбаҳо металларнинг бошланғич баҳоси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг биржа битими тузилган санадаги курси бўйича миллий валютада Лондон қимматбаҳо металлар бозори уюшмасининг сўнгги тонгги фиксинги асосида белгиланади.
 
Айни пайтда Лондоннинг қимматбаҳо металлар бозори уюшмасининг фиксинг нархи 1 унция олтин учун 1901,1 АҚШ долларини ташкил қилади.
 
Биржа бозорида “Олмалиқ КМК” АЖ ва “Навоий КМК” АЖ қимматбаҳо металларнинг сотувчиси сифатида иштирок этмоқда, харидорлар эса саноатда ишлатиладиган маҳсулотларни қайта ишлаш қувватига эга бўлган ишлаб чиқарувчилар, заргарлик буюмлар ишлаб чиқарувчилар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар ҳисобланади.
 
Эслатиб ўтамиз, қимматбаҳо металлар 2019 йил март ойидан бошлаб Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасининг биржа савдолари орқали сотила бошланган.
 
Маълумот учун: Трой унцияси қимматбаҳо металларнинг савдосида асосий ўлчов белгиси сифатида фойдаланилади. Бир трой унцияси 31,1 граммга тенг.
 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Курилди: 3274