Августда ўтказилган биржа савдолари натижалари | Новости

16 Авг 2023
2023 йил 1-15 августда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг очиқ биржа савдолари орқали 3,8 трлн сўмлик товар ресурслари сотилди.
 
Бунда, сотилган маҳсулотларнинг 33% – озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, 23% – нефть ва газ маҳсулотлари, 14% – қурилиш материаллари, 12% – рангли металлар, 8% – минерал ўғит ва кимёвий воситалар, 4% – полимерлар ва қолган қисми бошқа маҳсулотлар улушига тўғри келган.
 
Кўриб чиқилаётган даврда биржа савдолари орқали 113,6 минг тонна буғдой маҳсулоти сотилди. Ўтказилган биржа савдолари натижасида буғдойнинг ўртача нархи 2% га пасайиб, маҳсулотнинг бир тоннаси учун 2 487,6 минг сўмни ташкил қилди. Биржада буғдой бўйича шаклланган котировка унинг бошланғич нархига нисбатан ўртача 1% га ўсди. Буғдой учун кунлик котировкаларнинг пасайишига биржа бозорининг мазкур сегментида таклифнинг етарли даражада бўлганлиги ўз ижобий таъсирини кўрсатган.
 
Худди шундай, август ойида таклиф юқори даражада бўлганлиги сабабли, буғдой унининг биржада шаклланган ўртача нархи 2,8% га пасайиб, маҳсулотнинг бир тоннаси 3 794 минг сўмни ташқил қилди, цементнинг нархи эса – маҳсулотнинг бир тоннаси учун 716,0 минг сўмдан 661,6 минг сўмгача пасайди.
 
Шу билан бирга, биржа бозорининг айрим товар сегментларида нархларнинг кичик тебраниш ва ўсиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
 
Хусусан, 1-15 август кунларида биржа савдоларига 36,8 минг тонна АИ-80 маркали автомобиль бензини қўйилган бўлиб, бу ўтган июль ойининг мос даврига нисбатан 14%га камдир. Ўз навбатида, ички талабнинг ўсиши ва таклиф даражасининг пасайиши натижасида, АИ-80 маркали бензинининг биржада шаклланган нархи 6,2% га ўсиб, маҳсулотнинг бир тоннаси учун ўртача нархи 7 692,8 минг сўмни ёки маҳсулотнинг бир литри учун ўртача – 5 740,8 сўмни ташкил қилди.
 
Шунингдек, маҳсулот учун ички талабнинг ўсиши биржанинг суюлтирилган газ сегментида ҳам кузатилмоқда. Бироқ, биржа савдоларига қўйилаётган суюлтирилган газ ҳажмининг аввалги ойларга нисбатан кўтарилганлиги, унинг биржадаги нархларини тор диапазонда ўзгаришини таъминламоқда. Хусусан, 1-15 август кунларида суюлтирилган газнинг биржада шаклланган ўртача нархи маҳсулотнинг бир тоннаси 5 768,1 минг сўмдан 5 670,4 минг сўмгача пасайди.
 

Источник : PR отдел АО "УзРТСБ"

Курилди: 3464