Биржада 2023 йил 6-ойлик якунлар бўйича матбуот анжумани ўтказилди | Новости

28 Июл 2023
2023 йил 28 июлда “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамиятининг марказий офисида оммавий ахборот воситалари учун “Биржа савдолари ва электрон тижорат соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ва истиқболлари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
 
Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятининг 2023 йил 6-ойлик якунлари ва истиқболли режалар тўғрисида маълумотларни кенг жамоатчиликка етказиб беришдан иборат бўлди.
 
Таъкидланганидек, 2023 йил 6-ойлик якунларига кўра Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 8% га ўсиб, 68,6 трлн сўмни ташкил қилди. Тузилган битимларнинг қарийб 70% биржа савдоларига, қолган қисми, яъни 30% электрон тижорат савдо тизимларига тўғри келган.
 
Кўриб чиқилаётган даврда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида 353,3 млн АҚШ долларлик ташқи савдо битимлари тузилди ва бу ўтган йилнинг январь-июнь ойларига нисбатан 53% га кўпдир.
 
Ўтган даврда ўтказилган биржа савдолари натижасига кўра биржанинг асосий товар сегментларида барқарор ҳолат шаклланган. Хусусан, 2023 йил 6-ойлик даврда биржада техник олтингугуртнинг ўртача нархи унинг максимал даражасига нисбатан – 2,5 маротабага, пахта ёғи – 39% га, карбамид ва суюлтирилган газ – 37% га, кўмир – 34% га, полиэтилен – 21% га, пахта толаси ва шакар – 19% га, цемент – 11% га, ун – 10% га, кальцийланган сода – 9% га ва мис ўрамаси – 7% га пасайди.
 
 
 
2023 йил январь-июнь ойида биржанинг давлат харидлари бўйича xarid.uzex.uz электрон савдо тизимида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 29,4% га ошиб, 20,3 трлн сўмни ташкил қилди. Бунда бюджет ва корпоратив буюртмачилари маблағларининг тежалиши 66,2% га ўсиб, 3,9 трлн сўмга тенг бўлди.
 
Шунингдек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг avtoraqam.uzex.uz электрон савдо тизимида 138,3 млрд сўмлик 33,5 мингдан зиёд авторақамлар шаффоф онлайн-аукционлар орқали сотилди.
 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 3 июндаги 227-сон қарорига мувофиқ жорий йил 3 июлдан бошлаб 2023 йил буғдой ҳосилидан вақтинчалик сақлашга топширилган 3-синф буғдой Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг очиқ биржа савдолари орқали сотила бошлади.
 
Маҳаллий ғалла етиштирувчи фермерлар ва ғаллачилик кластерлари ўз маҳсулотларини бозор тамойиллари асосида шаффоф биржа савдолари орқали эркин сотишмоқда. Бу, ўз навбатида, уларнинг моддий манфаатдорлигини ошириб, мазкур бозорда рақобат муҳитини яратиб бермоқда.
 
Ўтказилаётган биржа савдолари давомида буғдой учун биржа нархлари талаб ва таклиф асосида шаклланиб, тузилган битимлар доирасидаги барча тўловларни амалга оширилиши биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали кафолатланмоқда.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 майдаги “Яшил энергия” сертификатлари тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-156-сон қарорига мувофиқ Қайта тикланувчи энергия манбаларини сертификатлаш халқаро жамғармаси (I-REC) билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикасида “яшил энергия” сертификатлари тизими жорий этилмоқда.
 
Мазкур сертификатлар сотилишини йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида алоҳида “яшил энергетика секцияси” ташкил қилиниб, “яшил энергия” сертификатлари бўйича дастлабки биржа шартномалари «Ўзбекгидроэнерго» АЖ томонидан очилди.
 
Мазкур механизмнинг жорий этилиши қайта тикланувчи энергия лойиҳаларини амалга ошириш учун қўшимча молиялаштириш манбаларини шакллантириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар ўз маҳсулотларини Европа ва бошқа ривожланган давлатлар бозорларига экспорт қилишда имтиёзлардан фойдаланиш имконини беради.
 
“Яшил энергия” сертификатлари ва чиқиндилар квотаси бўйича биржа савдолари дунёнинг илғор биржалари, шу жумладан Интерконтиненталь биржа (ICE Europe), Европа энергетик биржаси (EEX), Шанхай экологик-энергетик биржаси (SEEE), Углерод савдолар биржаси (CTE), Сингапур углерод биржаси (ACX), Сантьяго иқлим биржаси (SCX)да йўлга қўйилган.
 
Янгиликлар, шунингдек, электрон тижорат соҳаси, шу жумладан биржанинг авторақамларни сотиш бўйича платформасида ҳам жорий этилмоқда.
 
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 21 июндаги 253-сон қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 августдаги 683-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
 
Мазкур қарорга мувофиқ, 2023 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг avtoraqam.uzex.uz электрон савдо тизими орқали сотиладиган авторақамларнинг бошланғич нархларига ўзгартиришлар киритилди.
 
Шу билан бирга, онлайн-аукционда харид қилинган авторақамларни расмийлаштириш муддати 10 кундан 30 кунгача узайтирилди.
 
Бундан ташқари, онлайн-аукцион давомида сотилмасдан қолган авторақамлар кейинги 5 кун давомида биржанинг avtoraqam.uzex.uz электрон савдо тизимига автоматик тарзда такроран қўйилади.
 
Хорижий экспертлар ва консалтинг компаниялар иштирокида ишлаб чиқилган Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг ривожлантириш стратегиясида биржанинг IT-инфратузилмаси ва савдо платформаларни модернизация қилиш, кўрсатилаётган биржа хизматларининг турларини кенгайтириш, ташқи савдо ҳажмларини ошириш ҳамда янги биржа савдо воситаларини жорий этиш вазифалари белгиланган.
 
Тадбир якунида анжуман иштирокчилари ўртасида фикр алмашилди, биржа раҳбарлари ва мутахассислари журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб беришди.
 

Манбаа : PR отдел АО "УзРТСБ"

Кўрилди: 3839