2023 йил 6-7 июнь кунлари Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси вакиллари Будапешт шаҳрида (Венгрия) бўлиб ўтган Фьючерс бозорлари уюшмасининг (AFM) 25-чи йиллик анжуманида иштирок этишди.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад замонавий биржа савдо воситаларини жорий этишда дунёнинг етакчи биржалари билан тажриба алмашиш, биржалараро ҳамкорликни кучайтириш ва биржа савдоларининг долзарб масалаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Анжуманда дунё мамлакатларининг 15 та йирик товар ва фьючерс биржалари, клиринг палаталари, халқаро ташкилотлар, етакчи IT-компаниялари вакиллари иштирок этиб, пленар йиғилишларда биржа савдо тизимларини интеграциялаш, биржалар учун илғор дастурий ечимлар, молиявий саводхонлик, клиринг жараёнларини оптималлаштириш, атроф-муҳит муҳофазаси ва иқлим ўзгаришини товар бозорларига таъсири каби мавзулар муҳокама қилинди.
Анжуман давомида Фьючерс бозорлари уюшмаси (AFM)нинг раҳбарлари ва аъзолари учун Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг ҳозирги ҳолати ва истиқболли режалари ҳақида маъруза қилинди ҳамда Юқори технологиялар бўйича фонд биржаси Nasdaq, Германия биржаси (DBG), Тайвань фьючерс биржаси (TAIFEX), Углерод биржаси (ACX), Exberry IT-компания ва бошқа хорижий компаниялар вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.
Ўтказилган музокаралар натижаларига кўра Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида товар деривативларини жорий этишда тажриба алмашиш ва техник маслаҳатлар олиш, биржа савдоларида IT-технологияларини қўллаш соҳаларида консалтинг хизматларидан фойдаланиш бўйича келишувларга эришилди.
Шунингдек, анжуман доирасида Фьючерс бозорлари уюшмаси (AFM) аъзоларининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди, унда AFMнинг 2022 йилдаги фаолияти якунлари, молиявий ҳисоботи ва Уюшманинг 2023-2024 йиллар учун иш режалари муҳокама қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси 2019 йилдан буён Фьючерс бозорлари уюшмаси (AFM)нинг тўлиқ аъзоси ҳисобланади.
Маълумот учун: Фьючерс бозорлари уюшмаси (AFM) – турли давлатларнинг биржалари, клиринг ва бошқа ташкилотларни боғлайдиган халқаро нотижорат ташкилот. Уюшма янги савдо турлари ва бозорларни яратишда кўмаклашиш ҳамда ташкилот аъзолари ўртасидаги мулоқотни рағбатлантириш мақсадида 1998 йилда Буэнос-Айресда (Аргентина) ташкил топган.
Курилди: 2013