Авторақамларни сотиш бўйича онлайн-аукцион тартиби такомиллаштирилди | Новости

23 Июн 2023

Автомототранспорт воситаларига рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини (РЎДРБ) расмийлаштириш тартибининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2017 йил 31 августдаги 683-сон қарорига, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 21 июндаги 253-сонли қарори билан  ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Қарорнинг 29-банди билан Автотранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказишда олдин берилган (илгари фойдаланишда бўлган) оширилган тўлов ставкалари бўйича автотранспорт воситалари учун РЎДРБ ва харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган оширилган тўлов ставкаси бўйича автотранспорт воситалари учун РЎДРБ транспорт воситасининг аввалги эгасининг аризасига кўра ҳудудий бошқармаларга ўн икки ой муддатга сақлаш учун топширилиши мумкин. РЎДРБни ўн икки ой муддатга сақлаганлик учун тўлов ундирилмайди.

Ушбу муддат тугагандан сўнг, қўшимча равишда бир маротаба ўн икки ойдан ошмаган муддатга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида тўлов тўлаган ҳолда РЎДРБ сақлаш муддатини узайтириш мумкин. Сақлаш учун ундирилган тўлов суммаси ЙҲХХнинг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати моддий-техника базасини ривожлантириш, ходимларини рағбатлантириш ва мукофотлаш жамғармасига ўтказилади.

Бундан ташқари, 18-банд билан, рақобат тартиботи амалга ошмади деб эътироф этилган ҳолатда (иккинчи ғолиб рад этган ёки харидорлар мавжуд бўлмаган ҳолатда), ахборот тизимида автотранспорт воситалари учун РЎДРБни оширилган тўлов ставкаси бўйича беришни 5 кун муддат ичида автоматик равишда қайтадан эълон қилинади.

Ютиб олинган “чиройли авторақам”ни расмийлаштириш муддати 10 календарь кунидан 30 календарь кун этиб белгиланди. Қўшимча равишда 2023 йил 1 июлдан бошлаб аукцион савдолари орқали ҳарфлари бир хил комбинацияли авторақамлар сотилиши ҳам йўлга қўйилади.

Мазкур қарорнинг тўлиқ матни билан “ЎзРТХБ” АЖ расмий вебсайтининг Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар бўлимида танишиб чиқишингиз мумкин.

Курилди: 11558