Хитойлик тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди | Новости

13 Июн 2023

2023 йил 13 июнь куни Хитойнинг озиқ-овқат, қурилиш, нефть, кимё, IT ва фармацевтика соҳаларидаги 10 та компаниялари вакиллари Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (UZEX) марказий офисига ташриф буюрдилар.

Хитойлик тадбиркорларнинг биржага ташрифи Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 18-19 май кунлари Хитой Халқ Республикасига уюштирилган давлат ташрифи чоғида белгиланган вазифаларни бажариш, шунингдек Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ва Хитойнинг Ўзбекистондаги тадбиркорлари уюшмаси ўртасида имзоланган ҳамкорлик тўғрисида Меморандум доирасида амалга оширилди.

Семинар аввалида биржага ташриф буюрганлар учун биржа фаолияти тўғрисидаги презентацион видеоролик намойиш этилди. Меҳмонлар биржанинг савдо платформалари ва қўлланиладиган биржа воситалари, ҳамда UZEX биржасининг жорий ҳолати ва истиқболли режалари билан танишиб чиқдилар.

Ташқи савдо битимларини тузишда биржа механизмларининг афзалликлари ва имкониятлари алоҳида эътироф этилди. Таъкидланганидек, биржанинг савдо тизимлари савдо ва ҳисоб-китобларнинг шаффофлиги, ишончли товар ишлаб чиқарувчилар билан бевосита алоқа ўрнатиш, вақт ва маблағ тежамкорлилиги, шунингдек тўловларни ва товарни етказиб беришнинг кафолатлаш каби афзалликларга эга.

Музокаралар якунлари бўйича Хитой компанияларининг айрим турдаги маҳсулотларни биржа савдо платформасига қўйиш ва биржа механизмларидан фойдаланган ҳолда савдо имкониятларини кенгайтириш соҳасида ҳамкорликни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.

Кўрилди: 1700