Биржалараро алоқаларни ривожлантириш ва янги биржа воситаларини жорий этиш чора-тадбирлари доирасида, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси кўмаклигида, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (UZEX) Далян товар биржаси (DCE) билан ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда.
Хусусан, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ва Далян товар биржаси томонидан имзоланган Ўзаро англашув Меморандумига кўра икки биржа замонавий биржа савдоларини самарали ташкиллаштириш, янги биржа воситалари, шу жумладан товар деривативларини жорий қилиш ва ривожлантириш бўйича лойиҳаларни ўрганади ва амалга оширади.
Шу мақсадларда, Далян товар биржасида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг биржа савдолари экспертлари ва IT мутахассислари учун махсус стажировкалар ташкиллаштирилади.
Шунингдек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси Далян товар биржаси (DCE) билан ахборот алмашинуви соҳасида ҳам ҳамкорлик қилади. Бунда, биржа котировкалари ва биржа фаолиятига оид статистик маълумотлар икки биржаларнинг ахборот тизимларига жойлаштирилади. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон ва Хитой тадбиркорлари учун икки мамлакат товар бозорлари конъюнктураси тўғрисида маълумотларга тезкор эга бўлиш имконини беради.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги товар айланмасини биржа механизмларини қўллаш орқали ошириш мақсадида икки биржа савдо тизимларининг интеграция қилиш ва уларнинг брокерлик идораларини ўзаро аккредитациядан ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилмоқда.
Мазкур лойиҳаларни амалда татбиқ этиш мақсадида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ва Далян товар биржаси томонидан махсус ишчи гуруҳлари тузилди.
Маълумот учун: Далян товар биржаси Хитойнинг энг йирик биржаларидан бири бўлиб, 1993 йилда ташкил топган. Биржада буғдой, маккажўхори, соя, ловия, гуруч, темир руда, коксланувчи кўмир, кокс, полиэтилен ва полипропилен каби маҳсулотлар бўйича биржа савдолари ўтказилади.
Курилди: 4288