Жорий йил 29 майда Ханчжоу шаҳрида (Хитой) “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ, “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки ва “China Zheshang Bank” АЖ Хитой банки ўртасида уч томонлама Ўзаро англашув Меморандуми имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги кўмаклигида ва Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси ёрдамида имзоланган мазкур Меморандум қўшимча банк воситаларидан фойдаланган ҳолда биржа савдолари бўйича ҳисоб-китобларни оптималлаштириш орқали Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ташқи савдо ҳажмларини оширишга хизмат қилади. Хусусан Ўзбекистонда талаб юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ва моддий-техника ресурсларини очиқ биржа савдолари орқали тезкор харид қилиш имконияти яратилади.
Шу мақсадда, томонлар қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, Хитой юанида ҳисоб-китобларни йўлга қўйиш, CIPS (Chinese International Payment System) трансчегаравий банклараро тўловлар тизимига уланиш ва биржа савдоларини молиялаштиришда яқиндан ҳамкорлик қилади.
Тадбирда таъкидланганидек, биржанинг электрон савдо тизимлари ташқи савдолар ва ҳисоб-китобларнинг шаффофлиги, вақт ва маблағ тежамкорлигини таъминлайди ҳамда тўловлар ва товарни етказиб берилишини кафолатлайди.
Маълумот учун: “China Zheshang Bank” Хитой Халқ Республикасида (Ханчжоу шаҳрида) жойлашган миллий акциядорлик тижорат банки. Банк ўз фаолиятини расман 2004 йил 18 августда бошлаган. Британиянинг “The Banker Magazine” журнали томонидан ўтказилган “Дунёнинг 1000 та энг яхши банки 2022” рейтингида 1-даражали капитал бўйича 79-ўринни эгаллади ва China Chengxin International CZBank - энг юқори ААА кредит рейтингини берди.
Курилди: 3151