Биржанинг Бухоро филиалига пресс-тур ташкиллаштирилди | Новости

25 Май 2023

Жорий йил 25 майда “Биржа механизмларидан фойдаланишни кенгайтириш ва биржада шаффофликни таъминлаш” мавзусида оммавий ахборот воситалари иштирокида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Бухоро филиалига пресс-тур ҳамда маҳаллий тадбиркорлар билан давра суҳбати ташкил этилди.

Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад биржа савдолари ва электрон тижорат соҳаларида  амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Бухоро филиали фаолияти билан яқиндан таништиришдан иборат бўлди.

Тадбирда журналист ва тадбиркорлар билан ўтказилган жонли мулоқот ўтказилиб, биржа савдоларини ривожланишига оид масалалар муҳокама қилинди.

Хусусан, уларга 2022 йил 24 ноябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтисодиёт тармоқларида биржа механизмларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳамда биржа савдоларини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-430-сон қарорининг мазмун-моҳияти тушунтирилди.

Таъкидланганидек, Қарорининг ижросини таъминлаш доирасида хорижий экспертлар ва консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилди.

Мазкур стратегияга мувофиқ биржанинг янги электрон биржа савдолари ва клиринг тизимларини жорий этиш, давлат харидлари, электрон тижорат савдо тизимларини ҳамда электрон логистика порталини такомиллаштириш режалаштирилган.

Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари биржа филиалининг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Хусусан, уларга филиалнинг биржа савдоларини ташкиллаштириш бўлими, ҳисоб-китоб клиринг палатаси ва электрон тижорат бўлимларида кундалик амалга ошириладиган ишлар батафсил тушунтирилди.

Таъкидланганидек, мижозларга сифатли маслаҳат бериш ва хизмат кўрсатиш учун биржа замонавий технологик воситалар, шу жумладан алоҳида компьютер ускуналари ва ахборот мониторлари ҳамда узлуксиз электр манбаи билан жиҳозланган.

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Бухоро филиалида марказий савдо залидан ташқари жами 37 та савдо майдончалари, 112 та брокерлик идоралари ва қарийб 217 та трейдерлар фаолият юритади.

Ўтган йили филиалда ўтказилган электрон савдолар натижасида жами 5,5 трлн сўмлик битимлар тузилган бўлиб, уларнинг 92% биржа савдоларига, қолган қисми эса электрон тижорат савдо тизимларига тўғри келган.

Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари ва тадбиркорлар учун тақдимотлар ҳам ўтказилди. Тақдимотларда Бухоро вилоятида тадбиркорларнинг биржа савдолари ва онлайн-аукционларда иштирок этиш тартибларини батафсил тушунтирдилар.

Биржа савдолари ва электрон тижорат савдо тизимларининг шаффофлигини таъминлашда биржанинг расмий вебсайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва бошқа медиа ресурсларидан кенг фойдаланилади. Хусусан, биржанинг uzex.uz вебсайтида фойдаланувчилар биржа фаолияти ва хизматларига доир барча маълумотларни олишлари мумкин.

Биржада мулоқот алоқалари ва жамоатчилик назоратининг самарали тизими ҳам яратилган. Электрон савдоларда иштирок этишда муаммоларга дуч келган ҳолда фуқаролар ва тадбиркорлар @uzexfeedbackbot, коррупция ҳолатлари бўйича эса @uzexanticorruptionbot telegram-ботлари орқали мурожаат қилишлари мумкин.

Пресс-турда матбуот ходимлари биржанинг савдо залида электрон биржа савдоларини бевосита кузатиш имкониятига эга бўлдилар. Биржа брокерлари тадбир иштирокчиларига брокерлик идорасини очиш тартиби ва трейдерларнинг кундалик иш фаолияти билан тушунтирдилар.

Пресс-тур ва давра суҳбати давомида биржа мутахассислари журналистлар ва тадбиркорларнинг қизиқтирган саволларига жавоб беришди.

Кўрилди: 1362