2023 йилнинг 22 май куни Покистон товар биржаси (PMEX) президенти Эжаз Али Шоҳ бошчилигидаги делегация Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасига ташриф буюрди.
Ушбу ташриф Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (UZEX) ва Покистон товар биржаси (PMEX) ўртасида 2022 йилда имзоланган Англашув меморандуми қоидаларини амалга ошириш доирасида ташкиллаштирилди.
Учрашув аввалида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ бошқаруви раиси Зиёвиддин Бадриддинов меҳмонларни илиқ кутиб олиб, ташриф учун уларга самимий миннатдорлик билдирди ҳамда Ўзбекистон ва Покистон биржалари турли йўналишларда кенг қамровли масалалар бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш имкониятига эга.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси Покистон товар биржаси билан ҳамкорликда биржа савдо воситаларини ривожлантириш ва икки мамлакат товар бозорларида биржа механизмларини кенг қўллашда биржалараро ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор.
Эжаз Али Шоҳ, Покистон савдо биржаси (PMEX) президенти: «Ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш учун катта имкониятларга эгамиз. Улар биржа савдоси, логистика, шунингдек, глобал даражадаги электрон тижорат каби соҳаларни ўз ичига қамраб олади. Амалий натижаларга эришиш учун қўшма лойиҳаларимизнинг ташкилий-техник жиҳатлари устида иш олиб борувчи биржаларимиз ишчи гуруҳларини ташкил этишни таклиф қиламан».
Мулоқот чоғида товар деривативларини ривожлантириш, Ўзбекистон ва Покистон тадбиркорлари ўртасида тузиладиган экспорт-импорт битимлар ҳажмини биржа технологияларидан фойдаланган ҳолда ошириш, шунингдек, савдо ва клиринг тизимларини интеграциялаш имкониятлари муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида икки биржа мутахассислари биржанинг спот савдоларини ташкил этиш ва деривативлар бозорини ривожлантириш бўйича ўзаро тажриба ва эксперт фикрлар алмашилди.
Хусусан, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг янги UZEX SPOT электрон савдо тизими ва Покистон товар биржасида ўтказиладиган электрон савдолар негизини ташкил қилувчи MetaTrader 5 савдо тизимининг тақдимотлари бўлиб ўтди.
Тадбир якунида томонлар мутахассислар ва брокерлар учун ҳамкорликда тренинглар ва стажировкалар ўтказиш ҳамда Англашув меморандуми қоидаларини амалда татбиқ этиш бўйича келгусидаги режалар, техник топшириқларни ишлаб чиқиш бўйича экспертлар даражасида маслаҳатлашувларни давом эттиришга келишиб олдилар.
Курилди: 2991