2023 йил 10 майда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг марказий офисида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ва Хитойнинг Ўзбекистондаги тадбиркорлари уюшмаси ўртасида Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзоланишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Тадбирда Хитойнинг 30 дан зиёд компаниялари вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг раҳбарлари, мутахассислари ва брокерлари иштирок этдилар.
“Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ Бошқаруви раиси Зиёвиддин Бадриддиновнинг таъкидлашича, Меморандумнинг имзоланиши биржа савдо механизмларини қўллаш орқали икки мамлакат ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича фойдаланилмаган салоҳиятни ишга солиш ва янги имкониятларни очиб беришга хизмат қилади.
Хитойнинг Ўзбекистондаги тадбиркорлари уюшмаси раиси жаноб Цуй Хайбо: “Бизнинг уюшмамиз Хитой ва Ўзбекистон тадбиркорлари ўртасида ишончли кўприк вазифасини бажаради. Ўйлаймизки, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси билан ўрнатилган ҳамкорлик мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг ривожланишида янги саҳифани очиш имконини беради”.
Мазкур тадбир доирасида томонлар, шунингдек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ва Хитойнинг Ўзбекистондаги тадбиркорлари уюшмаси ўртасида Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги сертификатлар билан ўзаро алмашиб олдилар.
Учрашув давомида биржага ташриф буюрганлар учун биржа фаолияти тўғрисидаги янги презентацион видеоролик намойиш этилди. Меҳмонлар биржа савдолари ва электрон тижорат соҳасида эришилган сўнгги ютуқлар, биржанинг савдо воситалари, ҳамда UZEX биржасининг жорий ҳолати ва истиқболли режалари тўғрисида маълумотга эга бўлдилар.
Таъкидланганидек, биржа амалга ошириладиган савдо ва ҳисоб-китобларнинг шаффофлигини таъминлайди, ишончли товар ишлаб чиқарувчилар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш имконини беради ҳамда тўловлар ва товарларни етказиб беришни кафолатлайди. Биржада ташқи савдо битимларини тузишда хорижий компаниялар комиссия тўловлари ва гаров маблағларини киритишдан озод этилган.
Тадбир сўнгида Ўзбекистон ва Хитой корхоналари ўртасида биржанинг савдо воситалари ва бозор механизмларидан фойдаланган ҳолда ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш бўйича B2B музокаралари ўтказилди.
Айни пайтда биржанинг хорижий савдо майдончалари Хитойнинг Куйтун, Урумчи ва Циндао шаҳарларида очилган. Жорий йилнинг бошидан буён биржада Хитой компаниялари иштирокида 17,0 млн АҚШ долларидан зиёд ҳажмда битимлар тузилган.
Курилди: 3994