2023 йилнинг 28 апрель куни Гамбург Савдо палатасининг Шарқий Европа қўмитаси раиси Мирко Новак “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ (ЎзРТХБ) марказий офисига ташриф буюрди.
Ташриф доирасида хорижлик меҳмон ва “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ вакиллари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан музокаралар олиб борилди.
Хусусан, Германияда ЎзРТХБ савдо майдончасини очиш, тадбиркорларнинг Ўзбекистон ва Германия товар бозорларига ўзаро киришларини енгиллаштириш мақсадида биржа савдоларидан кенг фойдаланиш, etender.uzex.uz платформасида ўтказиладиган электрон тендер савдоларига Германиянинг йирик ишлаб чиқарувчиларини бевосита жалб этиш масалалари кўриб чиқилди.
Ташқи савдо битимларини тузишда биржа механизмларининг афзалликлари ва имкониятлари алоҳида эътироф этилди. Таъкидланганидек, биржанинг савдо тизимлари савдо ва ҳисоб-китобларнинг шаффофлиги, ишончли товар ишлаб чиқарувчилар билан бевосита алоқа ўрнатиш, вақт ва маблағ тежамкорлилиги, шунингдек тўловларни ва товарни етказиб беришнинг кафолатлаш каби афзалликларга эга.
Учрашув якунлари бўйича Германия тадбиркорлари орасида биржа хизматларини оммавийлаштириш, ЎзРТХБ савдо платформаларининг тақдимоти учун ҳамкорликда оммавий тадбирлар (форумлар, конференциялар)ни ўтказиш, Гамбург Савдо палатаси билан ҳамкорликни ривожлантириш ва Гамбург биржаси билан тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш бўйича келишувларга эришилди.
Курилди: 1527