Электрон давлат харидлари тизимида қўшимча қулайлик жорий этилди | Новости

28 Апр 2023

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси электрон давлат харидларида иштирок этаётган давлат буюртмачилари учун ва етказиб берувчиларига қўшимча қулайликларни яратиш бўйича ишларни давом эттирмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 февралдаги ПФ-21-сонли “Тадбиркорлик субъектларини тоифаларга ажратиш мезонлари ҳамда солиқ сиёсати ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида, эндиликда давлат харидларида энг яхши таклифларни танлаш ва тендер савдоларида иштирокчилар таклифларини баҳолашда қўшилган қиймат солиғи суммаси инобатга олинмайдиган тизим жорий этилди.

Бунда, давлат буюртмачилари томонидан давлат харидларини ўтказиш жараёнида қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ҳақидаги маълумот кўрсатилмайди. Харид иштирокчилари танлаш ва тендер бўйича электрон таклифларни ўзларининг шахсий кабинетлари орқали нарх таклифини ҳамда қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) суммасини алоҳида кўрсатган ҳолда беришлари мумкин.

Натижада etender.uzex.uz тизими савдо ғолибини аниқлашда иштирокчиларнинг таклифларини қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) қийматини ҳисобга олмаган ҳолда ҳисоблайди.

Эслатиб ўтамиз, биржанинг etender.uzex.uz давлат харидлари электрон савдо тизимида давлат буюртмачиларининг иштирок этиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуни билан белгиланган.

Курилди: 3694