Биржада навбатдаги матбуот анжумани ўтказилди | Новости

19 Апр 2023

2023 йил 19 апрелда “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамиятининг марказий офисида оммавий ахборот воситалари учун “Товар бозорларида биржа механизмларни жорий этиш натижалари ва истиқболлари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятининг 2023 йил 1-чорак якунлари ва истиқболли режалар тўғрисида маълумотларни кенг жамоатчиликка етказиб беришдан иборат бўлди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18 мартдаги ПҚ-5031-сон, 2022 йил 24 ноябрдаги ПҚ-430-сон ва Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 30 ноябрдаги 687-сон қарорларининг ижросини таъминлаш доирасида товар бозорларида биржа механизмларидан фойдаланиш кенгайтирилмоқда.

Хусусан, 2023 йил 1-чорак якунларига кўра Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 29% га ўсиб, 35,1 трлн сўмни ташкил қилди. Тузилган битимларнинг қарийб 73% биржа савдоларига, қолган қисми, яъни 27% электрон тижорат савдо тизимларига тўғри келган.

2023 йил январь-март ойларида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг давлат харидлари бўйича xarid.uzex.uz электрон савдо тизимида жами 9,3 трлн сўмлик 185 мингдан зиёд битимлар тузилди. Тузилган битимларнинг ҳажми 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 83% га ўсди.

Давлат харидлари бўйича ўтказилган электрон савдолар натижасида бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг маблағларини тежалиши ўтган йилга нисбатан 69% га ўсиб, 1,6 трлн сўмни ташкил қилди.

Кўриб чиқилаётган даврда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида 163,1 млн АҚШ долларлик ташқи савдо битимлари тузилди ва бу ўтган йилнинг январь-март ойларига нисбатан 24,5% га кўпдир.

Шу жумладан, биржа орқали харид қилинган маҳсулотларнинг катта қисми, яъни 95% озиқ-овқат маҳсулотлари ва минерал ўғитлар эгаллади. Биржа савдолари орқали экспорт қилинган маҳсулотлар қаторидан рангли металлар, нефть маҳсулотлари ва қурилиш моллари ўрин олди.

Кўриб чиқилаётган даврда Беларусь ва Қозоғистонда 2 та биржанинг янги хорижий савдо майдончалари ва 11 та хорижий брокерлик идоралари очилди. Шунингдек, қарийб 500 та янги норезидент мижозлар аккредитациядан ўтказилди.

2023 йил январь-март ойларида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг avtoraqam.uzex.uz электрон савдо тизимида 66,5 млрд сўмлик 16 мингдан зиёд авторақамлар шаффоф онлайн-аукционлар орқали сотилди.

Шу билан бирга биржанинг e-logistika.uzex.uz электрон логистика порталида 4,1 млрд сўмлик 2,2 мингдан зиёд шартномалар тузилди. Ўтган йилнинг 1-чорагига нисбатан тузилган битимларнинг сони 1,5 маротабага, ҳажми  – 2,7 маротабага ошди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестиция институтлари миллий уюшмаси (NAII) томонидан 2022 йил якунлари бўйича ўтказилган “Ўзбекистон капитал бозорида энг яхши” танлови якунларига кўра, “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ “Энг яхши корпоратив бошқарув” номинациясида ғолиб бўлди.

Биржанинг самарали корпоратив бошқаруви жамиятнинг менежерлар ва акциядорлар ўртасидаги мувозанатни таъминлайди, бизнес жараёнларини оптималлаштиради, унинг фаолиятининг шаффофлигини оширади ҳамда компаниянинг барқарор ва изчил ривожланишига хизмат қилади.

Юқори рентабеллик ва тўланаётган дивидендлар миқдорининг мунтазам равишда ўсиб бориши эвазига Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг акциялари фонд бозорида катта талабдан фойдаланади.

Хусусан, «Тошкент» Республика фонд биржасида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамияти акцияларининг бозор нархи уларнинг номинал қийматига нисбатан 30 маротабага кўпдир.

Жорий йилда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ISO 9001:2015 “Сифат менежменти тизими” халқаро стандарти бўйича ресертификациядан ўтди ҳамда ISO 37001:2016 “Коррупцияга қарши курашиш менежменти тизими” халқаро сертификат талабларига мувофиқлигини тасдиқлади.

Мазкур сертификатлар кўрсатилаётган биржа хизматларни юқори сифат даражасини ва компанияда жаҳон стандарларига жавоб берадиган коррупцияга қарши курашиш тизими амалда мавжудлигини тасдиқлайди.

Шунингдек, “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ ўз тарихида илк бор халқаро рейтингга эга бўлди. “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлигининг ҳисоботига кўра, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг халқаро рейтинг баҳоси “B” (барқарор кутилма) даражада тасдиқланган.

Ушбу халқаро рейтинг “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ нинг очиқ бизнес стратегияси, шаффоф молиявий ҳисоботи ва ривожланган корпоратив бошқарувини тасдиқлайди, ҳамда маҳаллий мижозлар ва халқаро инвесторларнинг биржа фаолиятига нисбатан бўлган ишончини оширади.

Шу билан бирга, биржанинг молиявий ҳисоботи бўйича аудит текширувини ўтказиш мақсадида Big Four, яъни “Катта тўртлик”ка кирувчи – “ERNST & YOUNG” халқаро аудиторлик ташкилоти жалб этилди.

Хорижий экспертлар ва консалтинг компаниялар иштирокида ишлаб чиқилган Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг ривожлантириш стратегиясида биржанинг IT-инфратузилмаси ва савдо платформаларни модернизация қилиш, кўрсатилаётган биржа хизматларининг турларини кенгайтириш, ташқи савдо ҳажмларини ошириш ҳамда янги биржа савдо воситаларини жорий этиш вазифалари белгиланган.

Тадбир якунида анжуман иштирокчилари ўртасида фикр алмашилди, биржа раҳбарлари ва мутахассислари журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб беришди.

Кўрилди: 1949