Беларусь брокерлари Ўзбекистон биржасида аккредитациядан ўтди | Новости

12 Апр 2023

12 апрель куни Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (ЎзРТХБ)нинг марказий офисида Беларусь универсал товар биржаси (БУТБ)нинг брокерлари ва мутахассисларига сертификатларни тантанали равишда топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда икки биржанинг раҳбарлари, мутахассислари ва брокерлари иштирок этдилар.

Сертификатларни топшириш маросими ЎзРТХБ ва БУТБ ўртасида имзоланган Стратегик ҳамкорлик келишувининг ижросини таъминлаш доирасида ташкиллаштирилган иккинчи қўшма ўқув семинарининг якунлари бўйича ўтказилди.

“Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ Бошқаруви раиси Зиёвиддин Бадриддинов таъкидлаганидек, брокерларни ўзаро аккредитациядан ўтказиш икки биржа ўртасидаги Стратегик ҳамкорлик келишувини амалга оширишнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлиб, биржа механизмларини қўллаш орқали Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини янада ошишига хизмат қилади.

“БУТБ” ОАЖ ТИФ Бошқарма бошлиғи Александр Башлий: “Бугунги воқеани шубхасиз тарихий деб аташ мумкин, чунки биржаларимиз брокерлари илк бор ўзаро аккредитациядан ўтказилмоқда. Бугун Ўзбекистон биржасида аккредитациядан ўтган Беларусь брокерлик компаниялари имзоланган келишувларни дарҳол амалга оширишга ва дастлабки битимларни тузишга тайёрдир”.

Семинарда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг савдо платформалари бўйича тақдимотлар ўтказилиб, уларда хорижий мижозлар учун биржада яратилган имкониятлар тушунтирилди. Шу жумладан, биржада ташқи савдо битимларини тузишда хорижий компаниялар комиссия тўловлари ва гаров маблағларини киритишдан озод этилганлиги айтилди.

Семинар иштирокчилари биржа листингини ўтказиш ва биржа савдоларида иштирок этиш тартиблари, ўзаро ҳисоб-китобларнинг ўзига хос хусусиятлари ва биржада харид қилинган товарларни етказиб бериш шартлари билан танишдилар. Биржанинг меъёрий-ҳуқуқий базаси, биржа битимларини IT-ечимлардан фойдаланган ҳолда рўйхатдан ўтказиш ва юритиш жараёнлари алоҳида кўриб чиқилди.

Семинар дастури доирасида ЎзРТХБ ва БУТБ ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалаларига бағишланган давра суҳбати ҳам бўлиб ўтди. Тадбир иштирокчилари қизиқтирган саволларга ЎзРТХБ мутахассисларидан атрофлича жавоб олдилар ҳамда олинган маълумотларнинг фойдали ва амалий аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, яъни жорий йил февраль ойида Минск шаҳрида биринчи ўқув семинари ўтказилган бўлиб, унинг якунларига кўра ЎзРТХБ брокерлари БУТБда аккредитациядан ўтказилган эди.

Курилди: 3333