“Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ коррупцияга қарши курашиш бўйича ички менежмент тизимининг “Коррупцияга қарши курашиш менежменти тизими” ISO 37001:2016 халқаро стандартига мувофиқлигини тасдиқлаш бўйича иккинчи кузатув аудитини якунлади.
“СERT international” халқаро ташкилоти томонидан ўтказилган кенг қамровли аудит натижалари компанияда жаҳон стандарларига жавоб берадиган коррупцияга қарши курашиш тизими амалда мавжудлигини тасдиқлайди.
Мазкур сертификат Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасини коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатда бўлишини англатади ва биржа хизматларининг жозибадорлиги ҳамда мижозлар, бизнес ҳамкорлар ва электрон савдо иштирокчилари, шу жумладан тадбиркорларнинг шаффоф биржа савдолари ва онлайн аукционларга бўлган ишончини оширишга хизмат қилади.
Кузатув аудитнинг муваффақиятли якунланиши кўп жиҳатдан биржада коррупцияга қарши курашиш бўйича ягона сиёсатнинг жорий этилганлиги ва коррупцияга қарши самарали бошқарув тизимини ташкиллаштирилганлиги билан изоҳланади.
Хусусан, “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖда малакали мутахассислар билан таъминланган Комплаенс назорат, коррупцияга қарши курашиш ва ахборот хавфсизлиги бош бошқармаси ташкил этилиб, самарали фаолият юритиб келмоқда.
Бундан ташқари, биржанинг харидлар тизими қайта кўриб чиқилди, барча бизнес-жараёнларнинг коррупцион хавф-хатарларга мойиллиги мунтазам равишда баҳоланмоқда ҳамда кадрларнинг комплаенс-маданиятини ошириш мақсадида ходимлар ўқитилмоқда ва тегишли сўровномалар ўтказилмоқда.
Биржада мулоқот алоқалари ва жамоатчилик назоратининг самарали тизими ҳам яратилган. Электрон савдоларда иштирок этишда муаммоларга дуч келган ҳолда фуқаролар ва тадбиркорлар @uzexfeedbackbot, коррупция ҳолатлари бўйича эса @uzexanticorruptionbot telegram-ботлари орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ ISO 37001:2016 “Коррупцияга қарши курашиш менежменти тизими” халқаро стандарти бўйича сертификатни илк бор 2021 йилда олган эди.
Источник : PR отдел АО «УзРТСБ»
Курилди: 2551