2023 йил январь-март ойларида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг avtoraqam.uzex.uz савдо тизимида 66,3 млрд сўмлик 16 мингдан зиёд авторақамлар шаффоф онлайн-аукционлар орқали сотилди.
Ўтказилган онлайн-аукционлар натижаларига кўра тузилган битимларнинг 92% жисмоний шахсларга тўғри келган ва ушбу битимлар бўйича тўловлар банк карталари орқали ўтказилган. Шу жумладан, транзакцияларнинг катта қисми “Uzcard” банк карталари орқали амалга оширилган.
Самарқанд вилоятида авторақамларни харид қилиш бўйича салмоқли ўсиш кузатилган. Хусусан, ушбу вилоятда рўйхатдан ўтган харидорлар 9,4 млрд сўмлик авторақамларни харид қилган ва бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 69%га кўпдир.
Авторақамлар бўйича сотув ҳажмларининг ўсиши, шунингдек, Жиззах ва Наманган вилоятларида ҳам қайд этилган бўлиб, ушбу ҳудудларда жами 5,8 млрд сўмлик авторақамлар сотилган.
Харидорлар орасида биринчи ва иккинчи тоифадаги авторақамлар энг юқори талабга эга бўлиб, уларнинг сотувлардаги умумий улуши 50%ни ташкил этди, сотувлар ҳажми эса 32,9 млрд сўмдан ошди.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 3907