Қаршида матбуот анжумани ўтказилди | Новости

28 Мар 2023

Жорий йил 28 мартда Қаршида “Биржа механизмларидан фойдаланишни кенгайтириш ва биржада шаффофликни таъминлаш” мавзусида матбуот анжумани ҳамда тадбиркорлар иштирокида давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда оммавий ахборот воситалари, брокер ва трейдерлар, савдо иштирокчилари, шу жумладан фермер ва тадбиркорлар иштирок этишди.

Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад биржа савдолари ва электрон тижорат соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Қашқадарё филиали фаолияти билан таништиришдан иборат бўлди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси мамлакатимиз товар бозорларида шаффофликни таъминлаш, соғлом рақобатни ривожлантириш ва бозор тамойилларини жорий этиш ишларини давом эттириб келмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 24 ноябрдаги “Иқтисодиёт тармоқларида биржа механизмларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳамда биржа савдоларини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-430-сон Қарорига мувофиқ биржа савдо операциялари янада кенгайтирилмоқда.

Қарорининг ижросини таъминлаш доирасида хорижий экспертлар ва консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда Узбекистон республика товар-хом ашё биржасини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилмоқда.

Мазкур стратегияга мувофиқ биржанинг янги электрон биржа савдолари ва клиринг тизимларини жорий этиш, давлат харидлари, электрон тижорат савдо тизимларини ҳамда электрон логистика порталини такомиллаштириш режалаштирилган.

Жорий йилнинг бошидан буён биржанинг электрон тижорат савдо тизимларида бир қатор янги хизмат турлари жорий этилди. Хусусан, биржанинг e-logistika.uzex.uz электрон логистика порталининг мобиль иловаси ишга туширилди.

Мазкур илова орқали фойдаланувчилар логистика порталида амалга ошириладиган барча электрон савдоларга тегишли бўлган жараёнларни бошқариш, шу жумладан онлайн рўйхатдан ўтиш, буюртмаларга нарх таклифларини бериш ҳамда зарур маълумот ва шартномаларни юклаб олишлари мумкин.

Давлат харидлари бўйича xarid.uzex.uz электрон савдо тизимида тўғридан-тўғри шартномалар бўйича амалга ошириладиган давлат харидларини электрон тарзда расмийлаштириш имкони яратилди, etender.uzex.uz сайтида эса манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлаш механизми жорий этилди.

2023 йилнинг бошидан буён Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг давлат харидлари бўйича xarid.uzex.uz электрон савдо тизимида жами 6,6 трлн сўмлик 163 мингдан зиёд битимлар тузилди. Тузилган битимларнинг ҳажми 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 маротабага ўсди.

Давлат харидлари бўйича ўтказилган электрон савдолар натижасида бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг маблағларини тежалиши 2022 йилга нисбатан 1,3 маротабага ўсиб, 1,1 трлн сўмни ташкил қилди.

Матбуот анжумани давомида оммавий ахборот воситалари ва тадбиркорлар учун тақдимотлар ҳам ўтказилди. Тақдимотларда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Қашқадарё филиали фаолияти тўғрисида батафсил маълумотлар берилди ҳамда маҳаллий тадбиркорларнинг биржа савдолари ва онлайн-аукционларда иштирок этиш тартиблари тушунтирилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Қашқадарё филиалида марказий савдо залидан ташқари жами 20 та савдо майдончалари, 127 та брокерлик идоралари ва 256 та трейдерлар фаолият юритади.

Жорий йилнинг бошидан буён ушбу филиалда ўтказилаган электрон савдолар натижасида жами 2,0 трлн сўмлик битимлар тузилган бўлиб, бу 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 маротабага кўпдир. Жумладан тузилган битимларнинг қарийб 90% биржа савдоларига, қолган қисми эса электрон тижорат савдо тизимларига тўғри келган.

Мижозлар биржа савдоларида қатнашиш учун биржанинг филиали ёки савдо майдончасида фаолият юритувчи брокерлик идораси билан шартнома тузишлари керак. Шунингдек, улар электрон давлат харидлари, кўргазма-ярмарка савдолари, авторақам ёки мобиль рақамларнинг онлайн аукционларида ўзларининг шахсий кабинетлари орқали онлайн тарзда иштирок этишлари мумкин. Бунинг учун биржада бепул асосда онлайн-рўйхатдан ўтиш ва гаров маблағларини киритишнинг ўзи кифоя.

Шунингдек, биржа савдолари ва электрон тижорат савдо тизимларининг шаффофлигини таъминлашда биржанинг расмий вебсайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва бошқа медиа ресурсларидан кенг фойдаланилади. Хусусан, биржанинг uzex.uz вебсайтида фойдаланувчилар биржа фаолияти ва хизматларига доир барча маълумотларни олишлари мумкин.

Биржада мулоқот алоқалари ва жамоатчилик назоратининг самарали тизими ҳам яратилган. Электрон савдоларда иштирок этишда муаммоларга дуч келган ҳолда фуқаролар ва тадбиркорлар @uzexfeedbackbot, коррупция ҳолатлари бўйича эса @uzexanticorruptionbot telegram-ботлари орқали мурожаат қилишлари мумкин.

Матбуот анжумани ва давра суҳбати давомида биржа мутахассислари журналистлар ва тадбиркорларнинг қизиқтирган саволларига жавоб беришди.

 

Манбаа : PR отдел АО «УзРТСБ»

Кўрилди: 1383