Электрон давлат харидлари тизимида навбатдаги янгилик жорий этилди | Новости

27 Мар 2023

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси электрон давлат харидларида иштирок этаётган давлат буюртмачилари ва етказиб берувчиларига қўшимча қулайликларни яратиш бўйича ишларни давом эттирмоқда.

Хусусан, биржанинг давлат харидлари бўйича xarid.uzex.uz электрон савдо тизимида давлат буюртмачилари томонидан ходимларни фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида жалб этиш билан боғлиқ харидларни амалга ошириш жараёнлари соддалаштирилди.

Эндиликда мазкур харидларни амалга ошириш учун биржанинг савдо тизимига тегишли эълонлар ва уларнинг натижаларини жойлаштириш жараёнлари давлат буюртмачилардан камроқ вақт ва харакатларни талаб этади.

Киритилган янгилик ходимларни фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида жалб этиш билан боғлиқ бўлган давлат харидларининг самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, биржанинг давлат харидлари бўйича xarid.uzex.uz савдо тизимида давлат буюртмачилари томонидан ходимларни фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида жалб этиш билан боғлиқ харидлар Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 майдаги 276-сон қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда.

Кўрилди: 2343