Жорий йилнинг бошидан буён Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида 134,4 млн АҚШ долларлик ташқи савдо битимлари тузилди ва бу ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 13 фоизга кўпдир.
Шу жумладан, биржа орқали харид қилинган маҳсулотларнинг катта қисми, яъни 77 фоизини озиқ-овқат маҳсулотлари ва минерал ўғитлар эгаллади. Биржа савдолари орқали экспорт қилинган маҳсулотлар қаторидан рангли металлар, нефть маҳсулотлари ва қурилиш моллари ўрин олди.
Кўриб чиқилаётган даврда Беларусь ва Қозоғистонда 2 та биржанинг янги хорижий савдо майдончалари ва 4 та хорижий брокерлик идоралари очилди. Шунингдек, қарийб 500 та янги норезидент мижозлар аккредитациядан ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 24 ноябрдаги 430-сон қарорининг ижросини таъминлаш доирасида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси халқаро биржалараро алоқаларни ривожлантириш бўйича амалий ишларни давом эттирмоқда.
Ўтган даврда ҳамкорлик алоқаларини муҳокама қилиш мақсадида Истанбул энергия биржаси (EXIST) ва Покистон товар биржаси (PMEX)нинг вакиллари билан онлайн учрашувлар ўтказилди. Малайзия биржаси (Bursa Malaysia) мутахассислари Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг мутахассислари ва брокерлари учун товар деривативаларига бағишланган ўқув семинарларини ўтказишди.
Шунингдек, АҚШ Савдо вазирлигининг Тижорат ҳуқуқини ривожлантириш дастури (CLDP) ва Товар биржалари бўйича комиссияси (CFTC) билан замонавий биржа савдо воситаларини жорий этиш бўйича маслаҳатлашувлар ҳам давом эттирилмоқда.
Курилди: 2700