Электрон логистика порталига 5 мингдан зиёд юк машиналари жалб қилинган | Новости

10 Мар 2023

2023 йилнинг 2 ойи якунларига кўра, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг e-logistika.uzex.uz электрон логистика порталида юк ташиш бўйича кўрсатилган хизматларнинг қиймати 2,4 млрд сўмдан ошди ва бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан икки маротабага кўпдир. Шу билан бирга, харидорлар томонидан бевосита ташувчилар билан тузилган тўғридан-тўғри шартномаларнинг умумий қиймати 3,0 млрд сўмни ташкил қилди.

Кўриб чиқилаётган даврда, яъни 2023 йил давомида электрон логистика порталида 400 дан зиёд юк автомобиллари рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг асосий қисми (55%) Қашқадарё, Навоий ва Тошкент вилоятларига тўғри келади.

Энг кўп автотранспорт воситаларидан “Шўртан ГКК” МЧЖ, «Навоийазот» АЖ, “Максам Чирчиқ” АЖ, “Хонқа дон маҳсулотлари” АЖ, шунингдек «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан ишлаб чиқарилган биржа маҳсулотларини ташишда фойдаланилган бўлиб, уларнинг умумий улуши 93% ни ташкил этди.

Жорий йилнинг бошидан буён порталда жами 5,2 мингдан зиёд турли хил ва русумдаги юк автомобиллари, шу жумладан «ISUZU», «Камаз», «MAN», «Зил», «HOWO», «Газ», «DAF» ва «SHACMAN» русумларидан фойдаланилиб, уларнинг умумий улуши 70% ни ташкил этди. Бунда уларнинг 26% фургонлар, 16% бортли ва 13% ни шатакчи юк автомобиллари ташкил қилган. Қолган 45% эса самосваллар, бортли-тентли, тентли ярим тиркамалар ва бошқа турдаги юк машиналарига тўғри келган.

Рўйхатга олинган барча юк машиналарининг энг катта қисми, яъни 40% ни 2011 йилдан 2020 йилгача ишлаб чиқарилган юк машиналари эгаллаган. Шу билан бирга, сўнгги уч йилда ишлаб чиқарилган юк автомобилларининг улуши 10% ни ташкил этган.

Кўрилди: 3020