Электрон давлат харидлари тизимининг самарадорлигини ошириш ҳамда уларда давлат буюртмачиларининг иштирокини қўллаб-қувватлаш ва енгиллаштириш мақсадида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси давлат харидлари бўйича давра суҳбатлари ва семинарлар ўтказишни бошлади.
Дастлабки семинарлар йирик давлат буюртмачилари, шу жумладан “Ўзкимёсаноат” АЖ, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Фарғонаазот” АЖ, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ, “Давлат белгиси” ДУК, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ва “Ўзавтосаноат” АЖ учун ташкиллаштирилди.
Давра суҳбатлари ва семинар-тренинглар тўғридан-тўғри ва zoom онлайн алоқа воситасидан фойдаланган ҳолда тақдимотлар, савол-жавоблар ва очиқ мулоқотлар шаклида ўтказилди.
Тадбирлар давомида электрон давлат харидларининг долзарб масалалари кенг муҳокама қилинди. Шу жумладан, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг давлат харидлари бўйича xarid.uzex.uz ва etender.uzex.uz электрон савдо платформаларида иштирок этиш тартиблари ва афзаликлари тушунтирилди.
Шунингдек, электрон давлат харидлари тизимида киритилган сўнгги ўзгаришлар ва янгиликлар ҳамда буюртмачи ва етказиб берувчилар учун яратилган қўшимча қулайликлар тўғрисида тўлиқ маълумотлар берилди.
Семинарларда биржа мутахассислари семинарлар иштирокчиларини қизиқтирган барча саволларга жавоб бердилар, киритилган таклиф ва мулоҳазалар кўриб чиқиш ва улар юзасидан тегишли қарорлар чиқариш учун қабул қилинди.
Шу каби очиқ тадбирларни тасдиқланган режага мувофиқ бошқа давлат буюртмачилари учун ҳам ўтказилиши кутилмоқда.
Курилди: 2724