Биржанинг Сурхондарё филиалида пресс-тур ва давра суҳбати ўтказилди | Новости

28 Фев 2023
Жорий йил 28 февралда “Биржа механизмларидан фойдаланишни кенгайтириш ва биржада шаффофликни таъминлаш” мавзусида оммавий ахборот воситалари иштирокида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Сурхондарё филиалига пресс-тур ҳамда маҳаллий тадбиркорлар билан давра суҳбати ташкил этилди.
 
Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад биржа савдолари ва электрон тижорат соҳаларида  амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Сурхондарё  филиали фаолияти билан яқиндан таништиришдан иборат бўлди.
 
Тадбирда журналист ва тадбиркорлар билан ўтказилган жонли мулоқот ўтказилиб, биржа савдоларини ривожланишига оид масалалар муҳокама қилинди.
 
Хусусан, уларга 2022 йил 24 ноябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтисодиёт тармоқларида биржа механизмларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳамда биржа савдоларини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-430-сон қарорининг мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Таъкидланганидек, мазкур қарор биржа савдо операцияларини янада кенгайтириш, товар-хом ашё биржалари ва уларнинг профессионал иштирокчилари фаолиятини тартибга солишни такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган.
 
Айни пайтда мазкур қарорининг ижросини таъминлаш доирасида хорижий экспертлар ва консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда Узбекистон республика товар-хом ашё биржасини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилмоқда.
 
Мазкур стратегияга мувофиқ биржанинг янги электрон биржа савдолари ва клиринг тизимларини жорий этиш, давлат харидлари, электрон тижорат савдо тизимларини такомиллаштириш режалаштирилган.
 
Жорий йилнинг бошидан буён биржанинг электрон тижорат савдо тизимларида бир қатор янги хизмат турлари жорий этилди. Хусусан, биржанинг e-logistika.uzex.uz электрон логистика порталининг мобиль иловаси ишга туширилди.
 
Мазкур илова орқали фойдаланувчилар логистика порталида амалга ошириладиган барча электрон савдоларга тегишли бўлган жараёнларни бошқариш, шу жумладан онлай рўйхатдан ўтиш, буюртмаларга нарх таклифларини бериш ҳамда зарур маълумот ва шартномаларни юклаб олишлари мумкин.
 
Давлат харидлари бўйича xarid.uzex.uz электрон савдо тизимида тўғридан-тўғри шартномалар бўйича амалга ошириладиган давлат харидларини электрон тарзда расмийлаштириш имкони яратилди, etender.uzex.uz сайтида эса манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлаш механизми жорий этилди.
 
Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари биржа филиалининг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Хусусан, уларга филиалнинг биржа савдоларини ташкиллаштириш бўлими, ҳисоб-китоб клиринг палатаси ва электрон тижорат бўлимларида кундалик амалга ошириладиган ишлар батафсил тушунтирилди.
 
Таъкидланганидек, мижозларга сифатли маслаҳат бериш ва хизмат кўрсатиш учун биржа замонавий технологик воситалар, шу жумладан алоҳида компьютер ускуналари ва ахборот мониторлари ҳамда узлуксиз электр манбаи билан жиҳозланган.
 
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Сурхондарё филиалида марказий савдо залидан ташқари жами 23 та савдо майдончалари, 76 та брокерлик идоралари ва қарийб 202 та трейдерлар фаолият юритади.
 
Ўтган йили филиалда ўтказилаган электрон савдолар натижасида жами 2,5 трлн сўмлик битимлар тузилган бўлиб, бу 2021 йилга нисбатан 2,4 маротабага кўпдир. Жумладан тузилган битимларнинг 50% биржа савдоларига, қолган қисми эса электрон тижорат савдо тизимларига тўғри келган.
 
Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари ва тадбиркорлар учун тақдимотлар ҳам ўтказилди. Тақдимотларда Сурхонадарё вилоятида тадбиркорларнинг биржа савдолари ва онлайн-аукционларда иштирок этиш тартибларини батафсил тушунтирдилар.
 
Таъкидланганидек, мижозлар биржа савдоларида қатнашиш учун биржанинг филиали ёки савдо майдончасида фаолият юритувчи брокерлик идораси билан шартнома тузиш керак. Шунингдек, улар электрон давлат харидлари, кўргазма-ярмарка савдолари, авторақам ёки мобиль рақамларнинг онлайн аукционларида ўзларининг шахсий кабинетлари орқали онлайн тарзда иштирок этишлари мумкин. Бунинг учун биржада бепул асосда онлайн-рўйхатдан ўтиш ва гаров маблағларини киритишнинг ўзи кифоя.
 
Шунингдек, биржа савдолари ва электрон тижорат савдо тизимларининг шаффофлигини таъминлашда биржанинг расмий вебсайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва бошқа медиа ресурсларидан кенг фойдаланилади. Хусусан, биржанинг uzex.uz вебсайтида фойдаланувчилар биржа фаолияти ва хизматларига доир барча маълумотларни олишлари мумкин.
 
Биржада мулоқот алоқалари ва жамоатчилик назоратининг самарали тизими ҳам яратилган. Электрон савдоларда иштирок этишда муаммоларга дуч келган ҳолда фуқаролар ва тадбиркорлар @uzexfeedbackbot, коррупция ҳолатлари бўйича эса @uzexanticorruptionbot telegram-ботлари орқали мурожаат қилишлари мумкин.
 
Пресс-турда матбуот ходимлари биржанинг савдо залида электрон биржа савдоларини бевосита кузатиш имкониятига эга бўлдилар. Биржа брокерлари тадбир иштирокчиларига брокерлик идорасини очиш тартиби ва трейдерларнинг кундалик иш фаолияти билан тушунтирдилар.
 
Пресс-тур ва давра суҳбати давомида биржа мутахассислари журналистлар ва тадбиркорларнинг қизиқтирган саволларига жавоб беришди.
 

Манбаа : PR отдел АО "УзРТСБ"

Кўрилди: 1557