Малайзия биржаси UZEX биржаси учун вебинар ўтказди | Новости

24 Фев 2023

24 февраль куни Малайзия биржаси (Bursa Malaysia) мутахассислари Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси учун “Пальма ёғи бўйича биржа савдоларини ўтказиш ва улардан хежрлаш воситаси сифатида фойдаланиш” мавзусида 2-ўқув вебинарини ўтказдилар.

Тадбир Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси кўмаклигида ўтказилган музокаралар якунлари бўйича келишувларни амалга ошириш доирасида ташкил этилди.

Вебинарда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг марказий аппарати ва ҳудуддий филиалларининг раҳбарлари ва мутахассислари, шунингдек, UZEX биржасининг брокерлик идоралари ва савдо майдончаларининг трейдерлари иштирок этдилар.

Вебинар билимни оширишга мослаштирилган бўлиб, унда пальма ёғи бўйича биржа савдоларини ўтказиш мисолида товар деривативларининг асосий тушунчалари ва ўзига хос хусусиятлари атрофлича тушунтирилди. Шунингдек, мазкур бозорнинг савдо қоидалари ва унда амалга ошириладиган ўзаро ҳисоб-китоблар тартиби ҳамда бозорнинг таркибий тузилмаси ва статистик маълумотлари ўрганилди.

Алоҳида эътибор Марказий контрагентнинг деривативлар бозорида тутган ўрни ва нархлар ўзгарувчанлигидан келиб чиқадиган хатарларни суғурталаш масалаларига қаратилди. Кафолатли таъминлаш, очиқ позицияларни ёпиш ва реал товарларни етказиб бериш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Вебинар иштирокчилари олинган маълумотларни амалий аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб, тадбир ташкилотчиларига, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг Малайзиядаги элчихонасига ўз миннатдорчилигини билдириб ўтдилар.

Курилди: 2317