Халқаро биржалар билан ишбилармонлик алоқалари ривожланмоқда | Новости

23 Фев 2023

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 24 ноябрдаги ПҚ-430-сон қарорининг ижросини таъминлаш доирасида жаҳоннинг йирик биржаларида кенг қўлланиладиган савдо механизмлари ва товар деривативларини амалиётга жорий қилиш мақсадида, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси биржалараро алоқаларни ривожлантириш бўйича амалий ишларни давом эттирмоқда.

Хусусан, 22 февраль куни Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (UZEX) ва Туркияда электр энергияси ва табиий газ бўйича биржа савдолари оператори, яъни Истанбул энергия биржаси (EXIST)нинг раҳбарияти ва ходимлари ўртасида онлайн-учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида биржаларнинг тақдимотлари ўтказилди ҳамда ўзаро манфаатли бўлган икки томонлама ҳамкорлик масалалари, шу жумладан ёқилғи-энергетика ресурслари бўйича замонавий биржа савдоларини ташкил этиш бўйича тажриба алмашиш юзасидан фикр алмашилди.

Тадбир якунида тарафлар ўзаро манфаатли ҳамкорликдан манфаатдор эканлигини тасдиқлаб, мулоқотни мунтазам равишда, шу жумладан офлайн тарзда ҳам давом эттиришга келишиб олдилар.

Шунингдек, 23 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг Покистондаги элчихонаси кўмаклигида Покистон товар биржаси (PMEX) вакиллари билан zoom онлайн-мулоқот воситасидан фойдаланган ҳолда музокаралар ўтказилди.

Онлайн-учрашувда 2022 йилда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (UZEX) ва Покистон товар биржаси (PMEX) ўртасида имзоланган Ўзаро англашув меморандумида акс эттирилган ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Покистон товар биржаси (PMEX) товар деривативлари биржа савдосини ташкил этиш бўйича тақдимот ўтказди. Жумладан, MetaTrader 5 савдо платформасининг интерфейси ва функционали намойиш этилди.

Ўз навбатида, Покистон товар биржаси (PMEX)нинг вакиллари товар сегментида биржа спот савдоларини ташкил этиш бўйича тажриба алмашишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

Учрашувда, шунингдек, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини оширишда биржа технологияларидан кенг фойдаланиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Курилди: 2455