Электрон логистика порталининг мобиль иловаси ишга туширилди | Новости

02 Фев 2023

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг e-logistika.uzex.uz электрон логистика порталида савдо иштирокчилари учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида порталнинг E-LOGISTICS мобиль иловаси тест режимида ишга туширилди.

Мазкур илова орқали фойдаланувчилар логистика порталида амалга ошириладиган барча электрон савдоларга тегишли бўлган жараёнларни бошқариш, шу жумладан буюртмаларга нарх таклифларини бериш, зарур маълумот ва шартномаларни юклаб олишлари мумкин.

Мобиль иловада, шунингдек, янги савдо иштирокчилари учун электрон рақамли имзо орқали онлайн тарзда рўйхатдан ўтиш имконияти ҳам яратилган.

Бундан ташқари, юк ташувчилар иловада ёқилғи қуйиш шахобчалари ва бошқа зарур хизмат кўрсатиш объектларининг манзилларини акс эттирувчи интерактив харитадан фойдаланишлари ҳам мумкин.

Ўз навбатида, тизимда рўйхатдан ўтмаган фойдаланувчилар мобиль иловадан фойдаланган ҳолда порталга жойлаштирилган буюртмалар шартлари билан тўлиқ танишиш, харитада тегишли йўналишларни кўриш (Yandex харита орқали) ва амалга ошган битимлар хақида маълумотларни олиш ҳамда мижозларни кўллаб-қувватлаш маркази билан боғланиш имкониятига эга.

Шу билан бирга, қисқа муддатларда юк ортирилган транспорт воситаларнинг ҳаракатланишини мобиль илова орқали онлайн тарзда кузатиш хизматининг ишга туширилиши ҳам кутилмоқда.

E-LOGISTICSмобиль иловасини  Google Playда юклаб олишингиз мумкин.

Кўрилди: 3120