Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (ЎзРТХБ)нинг брокерлари Беларусь универсал товар биржаси (БУТБ)да аккредитациядан ўтказилди.
БУТБнинг марказий офисида ўтказилган брокерлик сертификатларини тантанали топшириш маросимида икки биржанинг раҳбарлари, мутахассислари ва брокерлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Беларусь Республикасидаги элчихонасининг вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикасининг Беларусь Республикасидаги элчихонаси савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Камолиддин Хасанов таъкидлаганидек, Ўзбекистон билан Беларусь ўртасидаги биржа савдоси жадал суръатлар билан ривожланиб, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда.
Ўз навбатида, БУТБ Бошқарув раиси Александр Осмоловский ўзбек биржасининг брокерларини аккредитациядан ўтказилиши биржалараро ҳамкорликнинг мутлақо янги шакли эканлиги ва бу катта синергик самара бериши ҳамда Беларусь ва Ўзбекистон тадбиркорлик субъектларига амалий фойда келтиришини айтиб ўтди.
БУТБда ўзбек брокерларининг аккредитацияси 2018 йилда икки биржа ўртасида имзоланган ҳамкорлик келишувининг ижроси доирасида Минскда ўтказилган дастлабки қўшма ўқув семинари якунлари бўйича ўтказилди.
Беларусь-Ўзбекистон биржа савдосини ривожлантириш истиқболларига бағишланган мазкур семинарда Ўзбекистон товар биржа бозорининг 20та мутахассислари ва профессионал иштирокчилари иштирок этдилар.
Ўқув машғулотлари давомида ўзбекистонлик мутахассислар Беларусь Республикасида брокерлик фаолиятини юритиш жиҳатлари, шу жумладан биржада аккредитациядан ўтиш тартиби, ишлаш схемаси ва меъёрий-ҳуқуқий базаси ҳамда биржа савдосининг хусусиятлари, нархларни тартибга солиш воситалари ва биржа битимларини қўллаб-қувватлаш тизими билан батафсил танишиб олдилар.
Тадбир иштирокчилари ўқув семинарнинг юқори савияда ташкил этилганлигини ҳамда олинган маълумотларнинг долзарблиги ва амалий аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтдилар. Хусусан, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси Жиззах филиалининг брокери (БК-6578) Хатам Хамроев таъкидлаганидек, семинар давомида олинган билим ва кўникмалар ўзбек брокерларини БУТБ савдо платформаларида самарали ишлаш учун хизмат қилади.
“Барчаси аъло даражада ташкиллаштирилди, малакали ходимлар ва маълумотларни қизиқарли тарзда етказилиши тахсинга лойиқ. Семинарнинг амалий жиҳатлари жуда маъқул келди, бу брокерлик идорамиз фаолиятининг натижадорлигига ижобий таъсир кўрсатади” – деди Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси Хоразм филиалининг брокери (БК-12643) Азамат Машарибов.
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг 772-сон брокерлик идорасининг раҳбари Жасур Шоаҳмедов: “Юқори савияда ташкил этилган ўқув семинари туфайли биз биржа савдолари соҳасидаги амалий билимларимизни янгилашга, айниқса, экспорт-импорт битимларини тузиш бўйича Беларусь тажрибасини ўрганишга муваффақ бўлдик. Шунингдек, Беларусь Республикасида брокерлик фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини билиб олдик. БУТБда ўзбек брокерларининг аккредитациядан ўтказилиши мамлакатларимиз товар бозорларига ўзаро кириш имкониятларини кенгайтиради ҳамда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини янада оширишга хизмат қилади”.
“Мазкур семинар биржаларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг мутлақо янги босқичга олиб чиқмоқда. Менга семинарни ташкил этиш усули ва енгил ўзлаштириладиган тақдимотлар жуда ёқди. Яқин келажакда биз ўзбекистонлик ва беларуслик тадбиркорлар иштирокида илк биржа битимларини тузиш ниятидамиз” – деди Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг 676-сон брокерлик идораси директори Малик Сахаткурбанов.
Семинар дастури доирасида БУТБ ва ЎзРТХБ ўртасида биржа савдоси соҳасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалаларига бағишланган давра суҳбати ҳам бўлиб ўтди. Тадбир иштирокчилари брокерлик фаолиятини юритиш бўйича илғор тажриба билан алмашиб олдилар ҳамда ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилдилар.
Источник : PR отдел АО «УзРТСБ»
Курилди: 3460