Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 мартдаги ПҚ-5031-сон қарори ижросини таъминлаш доирасида 2022 йил 1 октябрдан суюлтирилган газ ва полиэтиленмаҳсулотларини биржа савдоларига қўйиб келаётган Шўртон ГКК, ўз маҳсулотларини Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг e-logistika.uzex.uz электрон логистика портали орқали юклашни бошлади.
Хусусан, ўтган даврда логистика порталида ўтказилган аукцион савдо натижаларига кўра 20 минг тоннадан зиёд полиэтилен гранулалари юкланди ҳамда ушбу биржа товари бўйича 1,2 млрд сўмлик юк ташиш хизматлари кўрсатилди.
Бошланғич нархларни пасайишига қаратилган аукцион ва юк ташувчилар ўртасида рақобатнинг кучайиши эвазига биржа товарларининг харидорлари томонидан 17,4 млн сўмлик маблағлар иқтисод қилинди.
Ҳудудлар кесимида полиэтилен ҳажмининг энг катта қисми ёки 35% пойтахтга етказиб берилган. Самарқанд ва Тошкент вилоятларининг умумий улушлари 41% ни ташкил қилди. Бунда, полиэтиленнинг 70% фургон, бортли ва борт-тентлик юк машинасида ташилган.
Бундан ташқари, меъёрий-ҳуқуқий актларга мувофиқ юк ташувчилар билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш имкони назарда тутилган. Мазкур шартномалар ҳам биржа товар харидорлари томонидан логистика порталига жойлаштирилиши шарт.
Тўғридан-тўғри шартномалар асосида юкланган полиэтиленнинг ҳажми 4,6 минг тоннани ташкил қилиб, бу жами юкланган полиэтилен ҳажмидан 17% демакдир. Бунда, тўғридан-тўғри шартномларнинг энг катта ҳажми, яъни 1 минг тонна полиэтилен Фарғона вилоятига етказиб берилган.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикасининг Транспорт вазирлиги ва Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси савдолар мониторингини олиб бориш ҳамда юк ташиш хизматлари бўйича шаклланган нархларни таҳлил ва назорат қилишни таъминлаш мақсадида, порталда сақланадиган маълумотлардан фойдаланиш имконияти яратилди. Бу эса истиқболда юк ташиш индексини жорий этиш имконини беради.
Курилди: 2726