UZEX биржасининг 2023 йилдаги TOP-10 энг муҳим воқеалари
Якунланаётган 2023 йилда “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ фаолиятида бир қатор янгиликлар ва муҳим ўзгаришлар содир бўлди. Ана шундай катта аҳамият касб этган 10 та энг муҳим воқеаларни сарҳисоб қилиб чиқамиз.
1. Пахта хомашёсини биржа савдолари орқали сотишга доир Президент фармони қабул қилинди.
Пахтачилик тармоғида бозор механизмларини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 декабрдаги "Қишлоқ хўжалигида эркин бозор муносабатларини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-205-сон Фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ пахта хомашёсини Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг “пахта хомашёси секцияси”да фьючерс шартномалари асосида сотилиши белгиланди.
Пахта хомашёсини биржа савдоларига чиқарилиши тармоқда эркин бозор муносабатлари ва соғлом рақобат муҳитини ривожланишига хизмат қилади.
2. Халқаро биржалар билан ишбилармонлик алоқалари кенгайтирилди.
Замонавий биржа савдо воситаларини жорий этишда дунёнинг етакчи биржалари билан тажриба алмашиш ва биржалараро алоқаларни ривожлантириш мақсадида Чикаго товар биржаси (CME Group), Интерконтиненталь биржа (ICE), АҚШнинг электрон фонд биржаси (NASDAQ), Далянь товар биржаси (DCE), Дубай олтин ва товар биржаси (DGCX), Покистон товар биржаси (PMEX), Малайзия биржаси (Bursa Malaysia), Сингапур биржаси (SGX Group) ва Истанбул энергия биржаси (EXIST) каби халқаро биржалар билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.
3. Давлат харидлари бўйича савдо тизими такомиллаштирилди.
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг давлат харидлари бўйича xarid.uzex.uz электрон савдо тизимида тўғридан-тўғри шартномалар бўйича амалга ошириладиган давлат харидларини электрон тарзда расмийлаштириш имконияти яратилди ҳамда etender.uzex.uz сайтида манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлаш механизми жорий этилди.
Шунингдек, биржанинг etender.uzex.uz сайтида давлат буюртмачилари томонидан малакали харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиларини танлаб олиш имкониятини берувчи дастлабки малака танлови тартиб-таомили жорий этилди.
4.UZEX биржаси илк бор халқаро рейтингга эга бўлди.
2023 йилда “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ ўз тарихида илк бор “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлигининг рейтингини эгаллади.
Агентликнинг ҳисоботига кўра, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг халқаро рейтинг баҳоси “B” (барқарор кутилма) даражада тасдиқланган.
5. ISO халқаро стандартлари тасдиқланди.
2023 йилда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ISO 9001:2015 “Сифат менежменти тизими” халқаро стандарти бўйича ресертификациядан ўтди ҳамда ISO 37001:2016 “Коррупцияга қарши курашиш менежменти тизими” халқаро сертификат талабларига мувофиқлигини тасдиқлади.
Мазкур сертификатлар кўрсатилаётган биржа хизматларини юқори сифат даражасини ва компанияда жаҳон стандартларига жавоб берадиган коррупцияга қарши курашиш тизими амалда мавжудлигини тасдиқлайди.
6. Авторақамларни сотиш тартиби ўзгарди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 21 июндаги 253-сон қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 августдаги 683-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қарорга мувофиқ, онлайн-аукционда харид қилинган авторақамларни расмийлаштириш муддати 10 кундан 30 кунгача узайтирилди ҳамда сотилмасдан қолган авторақамлар кейинги 5 кун давомида савдоларга такроран қўйилиши йўлга қўйилди.
7. Биржанинг avtoraqam.uzex.uz савдо тизимида “avtobid” функцияси ишга туширилди.
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси мижозларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида avtoraqam.uzex.uz электрон савдо тизимида “avtobid” янги хизмат турини жорий этди.
Мазкур функция авторақамларни харид қилишда савдо иштирокчилари учун максимал нархни олдиндан ўрнатиш имконини берди.
8. Электрон логистика порталининг мобиль иловаси ишга туширилди.
Биржанинг e-logistika.uzex.uz электрон логистика порталида савдо иштирокчилари учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида порталнинг E-LOGISTICS мобиль иловаси ишга туширилди.
Мобиль иловада иштирокчилар учун онлайн тарзда рўйхатдан ўтиш, электрон савдоларга тегишли бўлган жараёнларни бошқариш, шу жумладан буюртмаларга нарх таклифларини бериш, зарур маълумот ва шартномаларни юклаб олиш имконияти яратилган.
9. UZEX платформасида IP телефон рақамлари сотила бошлади.
Биржанинг mobilraqam.uzex.uz савдо тизими орқали харидоргир рақамлар комбинациясига эга бўлган IP телефон рақамлар сотила бошланди.
Мазкур лойиҳа “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ (UZEX) ва “Ўзбектелеком” АК (Uztelecom) ўртасида тузилган шартномага мувофиқ харидоргир рақамлар комбинациясига эга бўлган “71” ва “55” кодли IP телефон рақамларни онлайн-аукцион тарзида сотиш орқали улардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида ишга туширилди.
10. Биржа корпоратив бошқарув бўйича энг яхши компания деб эътироф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестиция институтлари миллий уюшмаси (NAII) томонидан ўтказилган танлов якунларига кўра Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси “Энг яхши корпоратив бошқарув” номинациясида ғолиб бўлди.
Биржанинг самарали корпоратив бошқаруви жамиятнинг менежерлар ва акциядорлар ўртасидаги мувозанатни таъминлайди, бизнес жараёнларини оптималлаштиради, унинг фаолиятининг шаффофлигини оширади ҳамда компаниянинг барқарор ва изчил ривожланишига хизмат қилади.
Курилди: 4849