22 декабрь куни Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар Иттифоқи қошидаги Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази аъзолари томонидан Янги йил байрами муносабати билан хайрия тадбири ташкил этилди.
Имконияти чекланган ёшлар қатламини, жумладан ногирон, кўзи ожиз, эшитиш қобилияти чекланган, муомала лаёқатига эга бўлмаган ёшлар манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда тенг имкониятлар яратиб бериш, ҳуқуқий, психологик-педагогик ёрдам кўрсатиш ҳамда хайрия фаолиятини амалга оширишни ўз олдига мақсад қилган Имконияти чекланган ёшлар ва болалар марказининг “Меҳрли қўллар” лойиҳаси бугунги кунда минглаб саҳоватпеша инсонларни бирлаштириб келмоқда. “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ Ўзбекистон Республикаси Ёшлар Иттифоқи қошидаги Имконияти чекланган ёшлар ва болалар марказининг бир неча лойиҳаларида ҳомий сифатида иштирок этиб келади.
“Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ Бошқарув раиси ўринбосари Камолиддин Худайбердиев тадбирни очиб берар экан, биржа бундай хайрия тадбирларини ўтказишда ҳамкорлик қилишга доим тайёр эканлигини билдириб ўтди. Ўз навбатида Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази раҳбари Баҳром Алимов кўрсатилаётган эътибор болаларнинг қувончига қувонч қўшаётганлигини таъкидлаб, ҳомийлик учун миннатдорлик билдирди.
7-синф ўқувчиси Бобурбек Абдувоитов ва 9-синф ўқувчиси Амирқул Абдулқосимовнинг аккордеон ва доирада «Поппури» ижро этиб, барчанинг олқишига сазовор бўлди. Кўриш қобилиятида нуқсони бўлган Шукрона Қосимова, 7-синф ўқувчилари Кумуш Маҳмуджонова, Лазизбек Иброҳимов, 10-синф ўқувчиси Ирода Кушаевалар ҳам чиқиш қилиб, ўз истеъдодларини намойиш этишди.
Тадбир давомида болаларга янги йил байрами уюштирилиб, совғалар улашилди. Байрам тадбири болаларнинг беғубор қалбини янада қувончу шодликка тўлдирди.
Курилди: 3851