Ҳудудларда фермерлар ва кластерлар учун ўқув-амалий семинарлар бошланди | Новости

18 Дек 2023

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 декабрдаги "Қишлоқ хўжалигида эркин бозор муносабатларини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-205-сон Фармони ижросини таъминлаш доирасида республикамизнинг барча ҳудудларида фермерлар ва кластерлар учун ўқув-амалий семинарлар бошланди.

Семинарлар тасдиқланган графикларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш Жамғармаси, «Агробанк» АТБ ва бошқа идораларнинг масъул ходимларидан иборат Ишчи гуруҳлари томонидан ўтказилмоқда.

Ўқув-амалий семинарларни ўтказишдан кўзланган мақсад Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 декабрдаги ПФ-205-сон Фармони мазмун-моҳияти ва аҳамиятини, шунингдек, биржада иштирок этиш тартибини тушунтиришдан иборатдир.

Тадбирлар давомида фермерлар ва кластерларга пахтачилик тармоғида бозор тамойиллари асосида йўлга қўйилаётган янги тизим бўйича маърузалар ва тақдимотлар ўтказилмоқда. Хусусан, пахта хомашёсини Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг очиқ биржа савдолари орқали фьючерс шартномалари асосида сотиш тартиби батафсил тушунтирилмоқда.

Шунингдек семинарлар қатнашчиларига биржада рўйхатдан ўтиш, ҳисобварақларини очиш, брокерлик хизматларидан фойдаланиш, маҳсулотларни биржа савдоларига қўйиш ва сотиш тартиблари видеоролик ва тақдимотлар шаклида ўргатилмоқда. Бунда, биржа, брокер, трейдер тушунчалари ҳамда фьючерс ва спот биржа савдоларининг мазмун-моҳияти кенг очиб берилмоқда.

Тадбирларда мамлакатимизнинг ҳар бир туманида фаолият юритаётган савдо майдончаларининг жойлашуви ва уларнинг аниқ манзиллари алоҳида кўрсатиб ўтилмоқда.

Бир вақтнинг ўзида биржанинг мана шу савдо майдончалари орқали фермерлар ва кластерларни аккредитациядан ўтказиш жараёнлари ҳам амалга оширилмоқда.

Семинарлар очиқ мулоқот шаклида ўтказилиб, соҳалар мутахассислари фермерлар ва кластерларнинг барча саволларига жавоб беришмоқда.

Курилди: 3928