АОКАда биржанинг матбуот анжумани бўлиб ўтди | Новости

04 Окт 2023

Жорий йил 4 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятида янгиликлар ва ўзгаришлар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди ва тадбир марказий телеканалларда тўғридан-тўғри эфирга узатилди.

Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятининг 2023 йил 9-ойлик якунлари ва истиқболли режалар тўғрисида маълумотларни кенг жамоатчиликка етказиб беришдан иборат бўлди.

Таъкидланганидек, 2023 йил 9-ойлик якунларига кўра Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 4% га ўсиб, 103,3 трлн сўмни ташкил қилди. Тузилган битимларнинг қарийб 70% биржа савдоларига, қолган қисми, яъни 30% электрон тижорат савдо тизимларига тўғри келган.

Кўриб чиқилаётган даврда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида 523,6 млн АҚШ долларлик ташқи савдо битимлари тузилди ва бу ўтган йилнинг январь-сентябрь ойларига нисбатан 58% га кўпдир.

Ўтган даврда ўтказилган биржа савдолари натижасига кўра биржанинг асосий товар сегментларида барқарор ҳолат шаклланган. Хусусан, 2023 йил 9-ойлик даврда биржада техник олтингугуртнинг ўртача нархи унинг максимал даражасига нисбатан қарийб 3 маротабага, кўмир, пахта ёғи, пахта чигити ва карбамид – 31% га, суюлтирилган газ – 23% га, омихта ем – 20% га, полипропилен – 15% га, пахта толаси ва ун – 14% га, полиэтилен – 12% га, шакар – 11% га ва аммиакли селитра – 10% га пасайди.

image2

image2

image2

image2

Сентябрь ойида кузатилган локал кўринишдаги тебранишларга қарамасдан биржанинг буғдой ва ун бозорларида ҳам барқарорлик сақланмоқда. Мисол учун, 19-29 сентябрь кунлари буғдойнинг биржада шаклланган ўртача нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 3 001,0 минг сўмдан 2 889,5 минг сўмгача, уннинг нархи эса – 4 522,1 минг сўмдан 4 099,9 минг сўмгача пасайди.

Ўтказилаётган биржа савдолари давомида буғдой ва ун учун биржа нархлари талаб ва таклиф асосида шаклланиб, тузилган битимлар доирасидаги барча тўловларни амалга оширилиши биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали кафолатланган.

Буғдойнинг бозор механизмлари асосида сотилиши ҳисобига маҳаллий кластер, фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан қўшимча 21,0 млрд сўмлик даромад олинди.

Ўзгаришлар ва ижобий динамика, шунингдек, биржанинг электрон тижорат савдо тизимларида ҳам кузатилди.

2023 йил январь-сентябрь ойида биржанинг давлат харидлари бўйича xarid.uzex.uz электрон савдо тизимида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 23% га ошиб, 30,4 трлн сўмни ташкил қилди. Бунда бюджет ва корпоратив буюртмачилари маблағларининг тежалиши 35,4% га ўсиб, 5,2 трлн сўмга тенг бўлди.

Биржанинг etender.uzex.uz савдо тизимида давлат харидлари субъектлари ўртасида аффилланганлик ва манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини электрон шаклда аниқлаш тартиби жорий этилди.

Шунингдек, бюджет буюртмачилари тўғридан-тўғри тузиладиган шартномалар бўйича амалга оширилган тўловлар тўғрисида маълумотлардан эркин фойдаланиш имкониятига эга бўлишди.

Айни пайтда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ҳамкорликда давлат харидлари иштирокчиларнинг рейтингини ишлаб чиқмоқда.

Мазкур янги хизмат турининг жорий этилиши, шунингдек, давлат харидлари бўйича буюртмачиларга сифатсиз товарларни етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга ҳам хизмат қилади.

Кўриб чиқилаётган даврда биржанинг avtoraqam.uzex.uz электрон савдо тизимида 236,2 млрд сўмлик 51,6 мингдан зиёд авторақамлар шаффоф онлайн-аукционлар орқали сотилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 21 июндаги 253-сон қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 августдаги 683-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Мазкур қарорга мувофиқ, 2023 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг avtoraqam.uzex.uz электрон савдо тизими орқали сотиладиган авторақамларнинг бошланғич нархларига ўзгартиришлар киритилди.

Шу билан бирга, онлайн-аукционда харид қилинган авторақамларни расмийлаштириш муддати 10 кундан 30 кунгача узайтирилди.

Бундан ташқари, онлайн-аукцион давомида сотилмасдан қолган авторақамлар кейинги 5 кун давомида биржанинг avtoraqam.uzex.uz электрон савдо тизимига автоматик тарзда такроран қўйилади.

Хорижий экспертлар ва консалтинг компаниялар иштирокида ишлаб чиқилган Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг ривожланиш стратегиясида биржанинг IT-инфратузилмаси ва савдо платформаларни модернизация қилиш, кўрсатилаётган биржа хизматларининг турларини кенгайтириш, ташқи савдо ҳажмларини ошириш ҳамда янги биржа савдо воситаларини жорий этиш вазифалари белгиланган.

Матбуот анжумани якунида биржа раҳбарлари ва мутахассислари журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб беришди.

Кўрилди: 2640