Ўзбекистон ва Мўғулистон биржалари ўртасида меморандум имзоланди | Новости

26 Окт 2023

2023 йилнинг 23-25 октябрь кунлари Мўғулистон товар биржаси (MCE) делегацияси Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасига  Ижрочи директори Батсайхан Ценд бошчилигида амалий ташриф уюштирди.

Учрашув бошида биржага ташриф буюрганлар учун Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолияти тўғрисидаги презентацион видеоролик намойиш этилди. Хусусан, улар Ўзбекистон биржасини ташкил топиш ва ривожланиш тарихи, унда сотиладиган товар активлари, ҳамда UZEX биржасининг замонавий ҳолати ва истиқболли режалари тўғрисида маълумотга эга бўлдилар.

Бундан сўнг, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ва Мўғулистон товар биржаси ўртасида Ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Мазкур меморандум томонлар ўртасида биржалараро ҳамкорликни кенгайтиришга, биржа савдолари бўйича ўзаро ахборот ва тажриба алмашиш ҳамда биржа савдо воситаларидан фойдаланган ҳолда икки мамлакат ўртасидаги товар айланмасини оширишга қаратилган.

Ташриф доирасида UZEX биржаси ходимлари биржанинг савдо платформалари, биржа аъзолари ва савдо иштирокчиларнинг аккредациядан ўтказиш тартиби, биржа ва аукцион савдолар механизми тўғрисида ҳам батафсил маълумот тақдим этдилар. Биржа томонидан ҳам йирик товар ишлаб чиқарувчилар, ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун тақдим этилган афзалликлари тўғрисида ҳам сўз юритилди.

Шунингдек, меҳмонлар биржанинг асосий савдо залига кириб, биржа савдолари жараёнини кузатдилар, ҳамда мижозларга ҳисоб-китоб клиринг хизмат кўрсатиш механизмини ўрганиб чиқдилар. Сўнгра, кўргазма-ярмарка савдолари, давлат харидлари, авторақамлар ва мобиль рақамларни сотиш бўйича электрон савдо тизимларнинг тақдимотлари ўтказилди.

Ўз навбатида Мўғулистон делегациясининг аъзолари Ўзбекистон биржаси фаолиятига юқори баҳо бериб, биржа савдолари Ўзбекистонда нархларни шаффоф тарзда шаклланишида муҳим аҳамиятга эга бозор механизми эканлигини таъкидладилар. 

Учрашув якунига кўра, томонлар имзонланган меморандум доирасида биржалараро алоқаларни янада фаоллаштиришга келишиб олдилар.

Курилди: 4840