Биржанинг avtoraqam.uzex.uz савдо тизимида янги қулайлик яратилди | Новости

20 Окт 2023

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси мижозларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида avtoraqam.uzex.uz электрон савдо тизимида “avtobid” янги хизмат турини тест режимида жорий этди.

Мазкур функция харидорларни авторақамлар бўйича ўтказилаётган онлайн-аукционларни узлуксиз кузатиб, мунтазам равишда ўзларининг нарх таклифларини қўлда киритиб бориш мажбуриятидан озод этади.

Бунинг эвазига, талабгор авторақамни харид қилиш учун ўзи рози бўлган максимал нархни олдиндан ўрнатиш имконига эга бўлади. Бунда, бошқа талабгорлар олдиндан ўрнатилган мазкур нарх чегарасидан хабардор бўлмайди.

Аукцион давомида, “avtobid” функциясидан фойдаланган савдо иштирокчиси авторақамни, бозорда шаклланган ҳолатдан келиб чиқиб, берилган сўнгги энг яхши нархдан юқорироқ нархда ёки олдиндан ўрнатилган максимал нархда харид қилиши мумкин. Шунингдек, у рақобатли тартибот якунланганга қадар, максимал нарх бўйича аввал берилган лимитли буюртмасини бекор қилиши ёки унинг қийматини ўзгартириши ҳам мумкин.

Аукцион давомида амалдаги нарх олдиндан белгиланган нарх лимитидан ошиб кетган тақдирда, “avtobid” функциясидан фойдаланган иштирокчига тегишли SMS-хабар юборилади. Ўз навбатида, мазкур иштирокчи, савдоларда ўз иштирокини анъанавий тарзда давом эттириши ёки ўзининг янги максимал нархини ўрнатиши мумкин бўлади.

Эслатиб ўтамиз, биржанинг avtoraqam.uzex.uz савдо тизимида энг юқори нарх берган талабгор, савдо ғолиби сифатида, электрон тизим томонидан автоматик тарзда аниқланади.

Кўрилди: 20953