Биржа савдоларига янги ноёб маҳсулот қўйилди | Новости

18 Окт 2023

2023 йил 17 октябрда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг биржа савдоларига артемия цистаси маҳсулоти қўйила бошланди. Ушбу янги биржа товарини сотувчиси сифатида “Aral Artemiya Sanaat” МЧЖ иштирок этмоқда.

Ҳозирги пайтда ушбу маҳсулотни ички биржа савдолари учун 89889-сон шартномаси очилган. Унга мувофиқ маҳсулотнинг бир тоннаси бошланғич нархи – 103 250 000 сўмни, бир лот 20 тоннани ташкил қилади. Товарни етказиб бериш шарти – EXW, яъни сотувчининг омборидан олиб кетиш ҳисобланади.

Дастлабки кунда биржа савдолари орқали 20 тонна артемия цистаси деярли 6,1 млрд сўмга сотилди. Шу билан бирга, янги маҳсулотнинг биржа котировкаси бир тонна учун 304 750 000 сўмни ташкил этди.

Савдолар эркин, ошкора ва барча тоифадаги харидорларга биржа савдоларида қатнашиш имконияти тенг таъминланган ҳолда ўтказилмоқда. Биржада янги маҳсулотнинг пайдо бўлиши бозорда рақобатнинг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшади.

Маълумот учун: Дунё тажрибасида артемия цисталари асосида олинган маҳсулотлар 5 та соҳада, яъни аквамаданият саноатида, қишлоқ хўжалигида, фармацевтика, тиббиёт ва косметологияда кенг қўлланилади.

Курилди: 6386