2023 йил 10 октябрь куни ўтказилган рақобатли аукцион савдолар натижасига кўра “777” рақамлар комбинациясига эга авторақам Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг avtoraqam.uzex.uz вебсайтида 893 970 000 сўмга сотилди. Ушбу кўрсаткич биржанинг мазкур электрон савдо тизими ишга туширилган пайтдан буён авторақамнинг энг максимал баҳоси ҳисобланади.
Мазкур 1-тоифадаги авторақам юридик шахсга мўлжалланган бўлиб, унинг бошланғич нархи 297 000 000 сўмни ташкил қилган. Бир ярим соат мобайнида давом этган онлайн-савдолар давомида иккита талабгор иштирок этиб, улар томонидан 49 та нарх таклифлари келиб тушган. Бунинг натижасида авторақамнинг бошланғич баҳоси уч маротабага ўсди.
Эндиликда, аукцион ғолиби томонидан харид қилинган мазкур авторақам бўйича барча тўловларни 5 иш куни давомида амалга оширилиши ва 30 календарь куни давомида уни Тошкент шаҳар ИИБ ЙҲХБда расмийлаштирилиши талаб этилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 августдаги 683-сон қарорига мувофиқ авторақамларни онлайн-аукционларда сотилишидан келиб тушган маблағларнинг 80% Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига, 20% – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Махсус жамғармасига йўналтирилади.
Курилди: 8862