Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг давлат харидлари бўйича xarid.uzex.uz электрон савдо тизимида тўғридан-тўғри шартномалар бўйича амалга ошириладиган давлат харидларини электрон тарзда расмийлаштириш имкони яратилди.
Бунинг учун етказиб берувчи ўзининг шахсий кабинети орқали xarid.uzex.uz савдо тизимида электрон шартномани шакллантириб, уни давлат буюртмачисига юборади.
Ўз навбатида, давлат буюртмачиси мазкур таклифни ўрганиб чиқиб, давлат харидлари бўйича тўғридан-тўғри шартномани тузишга доир қарор қабул қилади. Бунда, давлат буюртмачисининг талабларига мувофиқ мазкур шартномага тегишли ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
Мазкур хизматнинг жорий этилиши давлат буюртмачилари ва товар етказиб берувчилари учун қўшимча қулайлик яратиб, давлат харидлари жараёнини соддалаштиради ва шаффофлигини таъминлайди.
Маълумот учун: Тўғридан-тўғри шартномалар бўйича амалга ошириладиган давлат харидлари харид қилиш тартиб-таомилларидан бири ҳисобланади. Давлат харидларини тўғридан-тўғри шартномалар бўйича амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуни билан белгиланган.
Курилди: 2399