Биржа вакиллари халқаро конференцияда иштирок этди | Новости

08 Сен 2022

Жорий йил 8 сентябрь куни Тошкентда “Ўзбекистон Республикаси капитал бозори”  IV халқаро конференцияси ўтказилди. Тадбир Ўзбекистон инвестиция институтлари миллий уюшмаси кўмагида ташкил этилди. 

Конференцияда назорат қилувчи органлар, маҳаллий банклар, инвестиция компаниялари, ишлаб чиқарувчи корхоналар, шунингдек, халқаро молия институтлари, рейтинг агентликлари, инфратузилма компанияларининг 200 га яқин вакиллари иштирок этди.

Тадбирнинг асосий мавзуси қимматли қоғозлар ва капитал бозорида сармоядорлар учун яратилаётган имкониятлар тўғрисида бўлди. Шунингдек, анжуман иштирокчилари республика молия бозори, маҳаллий компанияларнинг ташқи қарздорлик бозорларига чиқиши, мамлакат қимматли қоғозлар бозорига кириши, мазкур соҳаларнинг истиқболлари, режалари ва имкониятларини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ҳам, мамлакат фонд бозорининг йирик эмитенти сифатида, мазкур форумда фаол иштирок этди. Хусусан, биржа фаолиятининг жорий ҳолати ва унинг ривожланиш истиқболларига бағишланган тақдимот ўтказилди.

Таъкидланганидек, "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси" АЖ акциялари юқори ликвид бўлиб, "Премиум класс" энг юқори тоифага киритилган. Яъни биржа фонд биржасининг котировкалаш варағига киритилган компаниялар орасида мазкур классга киритилган ягона акциядорлик жамияти ҳисобланади.

Тақдимот давомида биржа инфратузилмаси, электрон савдо тизимлари ва биржанинг ривожланиш динамикаси, шунингдек, рентабеллик кўрсаткичлари ва келгусидаги истиқболли режалар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

Мазкур конференция миллий иқтисодиётнинг турли тармоқларини ривожлантиришга маҳаллий ва хорижий сармояларни жалб этишда Ўзбекистон қимматли қоғозлар бозорининг фойдаланилмаган улкан салоҳиятини кўрсатди.

Манбаа : PR отдел АО «УзРТСБ»

Кўрилди: 1417