Жорий йил 23 сентябрда “Биржада шаффофликни таъминлаш ва очиқ электрон савдоларини ўтказиш амалиёти” мавзусида оммавий ахборот воситалари иштирокида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Самарқанд филиалига пресс-тур ҳамда маҳаллий тадбиркорлар билан давра суҳбати ташкил этилди.
Пресс-турда оммавий ахборот воситалари вакиллари биржа филиалининг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Хусусан, уларга филиалнинг биржа савдоларини ташкиллаштириш бўлими, ҳисоб-китоб клиринг палатаси ва электрон тижорат бўлимларида кундалик амалга ошириладиган ишлар батафсил тушунтирилди.
Таъкидланганидек, мижозларга сифатли маслаҳат бериш ва хизмат кўрсатиш учун биржа замонавий технологик воситалар, шу жумладан алоҳида компьютер ускуналари ва LED ахборот мониторлари, биржа котировкаларини намойиш этиш учун электрон табло ҳамда узлуксиз электр манбаи билан жиҳозланган.
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Самарқанд филиалида марказий савдо залидан ташқари жами 45 та савдо майдончалари, 88 та брокерлик идоралари ва қарийб 300 та трейдерлар фаолият юритади.
Жорий йил бошидан буён филиалда ўтказилаган электрон савдолар натижасида жами қарийб 3,0 трлн сўмлик битимлар тузилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан икки маротабага кўпдир. Жумладан битимларнинг асосий қисми, яъни 68% биржа савдоларига, қолган 32% эса электрон тижорат савдо тизимларига тўғри келган.
Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари ва тадбиркорлар учун тақдимотлар ҳам ўтказилди. Тақдимотларда Самарқанд вилоятида тадбиркорларнинг биржа савдолари ва онлайн-аукционларда иштирок этиш тартибларини батафсил тушунтирдилар.
Таъкидланганидек, мижозлар биржа савдоларида қатнашиш учун биржанинг филиали ёки савдо майдончасида фаолият юритувчи брокерлик идораси билан шартнома тузиш керак. Шунингдек, улар электрон давлат харидлари, кўргазма-ярмарка савдолари, авторақам ёки мобиль рақамларнинг онлайн аукционларида ўзларининг шахсий кабинетлари орқали онлайн тарзда иштирок этишлари мумкин. Бунинг учун биржада бепул асосда онлайн-рўйхатдан ўтиш ва гаров маблағларини киритишнинг ўзи кифоя.
Шунингдек, биржа савдолари ва электрон тижорат савдо тизимларининг шаффофлигини таъминлашда биржанинг расмий вебсайт, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва бошқа медиа ресурсларидан кенг фойдаланилади. Хусусан, биржанинг uzex.uz вебсайтида фойдаланувчилар биржа фаолияти ва хизматларига доир барча маълумотларни олишлари мумкин.
Биржада мулоқот алоқалари ва жамоатчилик назоратининг самарали тизими ҳам яратилган. Электрон савдоларда иштирок этишда муаммоларга дуч келган ҳолда фуқаролар ва тадбиркорлар @uzexfeedbackbot, коррупция ҳолатлари бўйича эса @uzexanticorruptionbot telegram-ботлари орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Пресс-турда матбуот ходимлари биржанинг савдо залида электрон биржа савдоларини бевосита кузатиш имкониятига эга бўлдилар. Биржа брокерлари тадбир иштирокчиларига брокерлик идорасини очиш тартиби ва трейдерларнинг кундалик иш фаолияти билан тушунтирдилар.
Тадбир доирасида тадбиркорлар билан ўтказилган жонли мулоқот ўтказилиб, биржа савдолари ва электрон давлат харидларига оид масалалар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ўтказилаётган очиқ ва шаффоф биржа савдолари тадбиркорларнинг товар ресурсларидан эркин фойдаланиш имкониятларининг кенгайиши, товар бозорларида бозор нархларининг шаклланиши ва соғлом рақобатнинг ривожланишига кўмак бермоқда.
Масалан, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 майдаги 262-сон Қарорига мувофиқ ун ва ғалла маҳсулотларини очиқ биржа савдолари орқали бозор тамойилларига асосида сотилиб келинмоқда.
Савдоларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида ун ва ғалла маҳсулотларини кунма-кун биржа савдоларига қўйилиш ҳажмлари ва уларнинг котировкалари яъни нархлари биржанинг расмий вебсайти, ижтимоий тармоқ ва оммавий ахборот воситаларида мунтазам равишда эълон қилиниб борилмоқда.
Хусусан, сўнгги кунларда ўтказилган биржа савдо натижаларига кўра уннинг ўртача нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 4 787,0 минг сўм, буғдой учун биржа котировкаси эса маҳсулотнинг бир тоннаси учун 3 404,0 минг сўмни ташкил этди. Бунда бозорларда таклиф даражаси етарли бўлганлиги сабабли биржада шаклланган нархлар ушбу маҳсулотларнинг бошланғич нархларига нисбатан ўртача 1% га ўсган.
Шунингдек, биржанинг давлат харидлари электрон савдо тизимларида буюртмачи ва етказиб берувчилар учун қўшимча қулайликлар яратилди. Хусусан, биржанинг etender.uzex.uz электрон савдо тизимида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга нисбатан 15% миқдорида преференция қўлланилиши йўлга қўйилди. Мазкур тизимда давлат харидлари бўйича тузилган шартномаларга қўшимча келишув тузиш имконияти ҳам яратилди.
Умуман олганда, жорий йилнинг бошидан буён давлат харидлари бўйича биржанинг электрон савдо тизими xarid.uzex.uz да тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 4,4 маротабага ошиб, қарийб 22,0 трлн сўмни ташкил қилди. Бунда бюджет ва корпоратив буюртмачилари маблағларининг тежалиши 3,3 маротабага ўсиб, 3,3 трлн сўмга тенг бўлди.
Бундан ташқари, юк ташиш соҳасида шаффофликни таъминлаш ва соғлом рақобатни ривожлантириш мақсадида биржанинг e-logistika.uzex.uz электрон логистика савдо портали савдолар давом эттирилмоқда. Жорий йил бошидан буён мазкур порталда 8,2 млрд сўмлик қарийб 5,0 мингдан зиёд шартномалар тузилган.
Тадбирда биржанинг истиқболдаги режалари ҳам очиб берилди. Хусусан биржанинг янги электрон биржа савдолари ва клиринг тизимларини ишга туширилиши ҳамда давлат харидлари ва авторақам савдо тизимларида янги сервисларни жорий этилиши кутилмоқда.
Пресс-тур ва давра суҳбати давомида биржа мутахассислари журналистлар ва тадбиркорларнинг қизиқтирган саволларига жавоб беришди.
Источник : PR отдел АО "УзРТСБ"
Курилди: 3091