Жорий йил 20-21 июнь кунлари Бухоро ва Навоийда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси Санкт-Петербург Халқаро товар-хом ашё биржаси (СПбХТХБ) ҳамда вилоят ҳокимликлари билан биргаликда биржа савдолари ва электрон давлат харидларига бағишланган амалий семинарларни ўтказишди.
Мазкур тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятини янада ривожлантириш ҳамда соҳага ҳалқаро тажрибани жалб қилиш мақсадида ташкиллаштирилди.
Хорижий делегация таркиби СПбХТХБ Биржа савдоларини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Андрей Поршаков, Товарлар бозорини ривожлантириш бошқармаси бўлим бошлиғи Сергей Захаров ва Биржа инструментларини ишлаб чиқиш бўлими бошлиғининг ўринбосари Михаил Пасечникдан иборат бўлди.
Семинарларда, шунингдек, маҳаллий тадбиркорлик субъектлари, биржа савдолари ва электрон давлат харидлари иштирокчилари, брокерлар, трейдерлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Учрашувлар давомида Санкт-Петербург Халқаро товар-хом ашё биржаси фаолияти ҳақида, жумладан, биржанинг ташкил этилиш тарихи, савдо механизми ва асосий кўрсаткичлари хусусида батафсил маълумотлар берилди.
Семинар иштирокчилари СПбХТХБда савдо платформаларни ривожланиш босқичлари ва ўзига хос хусусиятлари, биржа савдолари ва давлат харидлари бўйича электрон савдоларни ўтказиш, ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш ва маҳсулотни етказиб бериш тартиблари билан танишдилар.
Тадбирда, шунингдек, Россия Федерациясининг биржа савдосини ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсати, “СПбХТХБ” АЖ да биржа савдоларини ўтказиш қоидалари ва технологиялари, биржа воситалари ва секциялари батафсил ёритилди.
“СПбХТХБ” АЖ электрон савдо тизимида операцияларни амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятларига алоҳида эътибор қаратилди. Савдо иштирокчисининг ишлаш кетма-кетлиги, аризаларни қабул қилиш ва битимлар тузиш тартиби батафсил тушунтирилди, ҳамда ҳужжат алмашинув ва битим ёпилишининг хусусиятлари кўрсатиб ўтилди.
Мазкур тадбирлар доирасида, шунингдек, давлат харидлари масалалари бўйича тадбиркорлик субъектлари билан давра суҳбатлари ҳам ўтказилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси давлат харидлари электрон тизимининг оператори сифатида давлат харидлари тизимида шаффофликни ошириш ва қўшимча қулайликларни яратиш мақсадида 2021 йилда xarid.uzex.uz янги ягона порталини жорий этган.
Айни пайтда мазкур порталда давлат харидларининг барча турлари бирлаштирилган ва маҳсулотларнинг барча параметрларини акс эттирувчи товарлар ва хизматларнинг ягона миллий классификатори жорий этилган.
Портал онлайн тарзда бир маротаба рўйхатдан ўтиш, биржанинг ҳисоб-китоб палатасидаги ягона ҳисобварақдан фойдаланиш ва “road map” функцияси орқали тузилган битимлар ижросини кузатиш имкониятларини тақдим этади.
2022 йилнинг январь-июнь ойларида давлат харидлари бўйича электрон савдо тизими xarid.uzex.uz да тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 3,8 маротабага ошиб, қарийб 15,0 трлн сўмни ташкил қилди. Бунда бюджет ва корпоратив буюртмачилари маблағларининг тежалиши 3 маротабага ўсиб, 2,2 млрд сўмга тенг бўлди.
Жорий йилда, шунингдек, буюртмачи ва иштирокчиларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида электрон давлат харидларида иштирок этиш бўйича видеойўриқномалар ишлаб чиқилди ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарқатилди.
Биржанинг Call-маркази операторлари (+71) 207-00-33 телефон рақами ва @uzexfeedbackbot телеграм боти орқали электрон давлат харидлари бўйича мурожаатларни қабул қилиб, уларга тезкор жавоб қайтаришмоқда.
Шу билан бирга, давлат харидлари тизимининг самарадорлигини ошириш ҳамда порталга тадбиркорлик субъектларини янада кенгрок жалб қилиш мақсадида давлат харидлари бўйича танлаш ва тендер электрон тизими – etender.uzex.uz такомиллаштириш, xarid.uzex.uz порталини Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат хизматлари агентлиги билан маълумотлар базалари, ҳамда “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими билан интеграциялаш режалаштирилган.
Тадбирларда “Санкт-Петербург халқаро товар-хом ашё биржаси” АЖ шуъба корхонаси – “ТЭК-Торг” электрон савдо тизимининг тақдимоти ҳам ўтказилди. Хусусан, тадбиркорларга «ТЭК-Торг» электрон савдо тизимининг асосий хизматлари ва алоҳида савдо секциялари, давлат харидларини амалга ошириш ва товар етказиб берувчилар билан ишлаш тартиблари ҳамда вебсайтнинг бошқа функциялари намойиш этилди.
Шунингдек, электрон савдо тизимининг шаффофлиги, ахборот хавфсизлиги, кенг рақобат, майда операцияларни автоматлаштириш ва уларнинг аутсорсинги каби афзалликлари алоҳида кўриб чиқилди.
Семинарлар иштирокчилари “ТЭК-Торг” электрон савдо майдончаси томонидан давлат харидлари доирасида тақдим этиладиган хизматларнинг барча турлари, шу жумладан етказиб берувчиларни жалб қилиш ва харидларни қидириш, электрон ҳужжатлар алмашинуви, савдо иштирокчиларини ўқитиш, маркетинг тадқиқотлари ва ахборот таъминоти билан яқиндан танишиб чиқдилар.
Тадбирлар фаол муҳокамалар тарзида ўтди, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар, шунингдек, олинган маълумотларнинг фойдали ва самарали бўлганлигини таъкидладилар.
Учрашувлар якунларига кўра Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси биржа савдолари ва электрон давлат харидларини янада такомиллаштириш бўйича Санкт-Петербург Халқаро товар-хом ашё биржаси ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олишди.
Источник : PR отдел АО "УзРТСБ"
Курилди: 1827