2022 йил 19 июль куни Андижонда тадбиркорлик субъектлари ва оммавий ахборот воситалари иштирокида давлат харидлари тимизи бўйича давра суҳбати ўтказилди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятини янада ривожлантириш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг давлат харидлари тизимидаги иштирокини кенгайтириш мақсадида ташкиллаштирилди.
Давра суҳбатида маҳаллий тадбиркорлик субъектлари, электрон давлат харидлари иштирокчилари, брокерлар, трейдерлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда қатнашган тадбиркорлар ва корпоратив мижозлар биржа раҳбарлари ва мутахассислари билан бевосита мулоқотга киришиб, ўзларини қизиқтираётган саволларга ва муаммоларни бартараф этишга оид жавоб олдилар. Хусусан, учрашувда электрон давлат харидлари тизимини такомиллаштириш, биржа мижозларига сифатли хизмат кўрсатиш, интерактив хизматлар сонини кўпайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси давлат харидлари электрон тизимининг оператори сифатида давлат харидлари тизимида шаффофликни ошириш ва қўшимча қулайликларни яратиш мақсадида 2021 йилда xarid.uzex.uz янги ягона порталини жорий этган.
Айни пайтда мазкур порталда давлат харидларининг барча турлари бирлаштирилган ва маҳсулотларнинг барча параметрларини акс эттирувчи товарлар ва хизматларнинг ягона миллий классификатори жорий этилган.
Портал онлайн тарзда бир маротаба рўйхатдан ўтиш, биржанинг ҳисоб-китоб палатасидаги ягона ҳисобварақдан фойдаланиш ва “road map” функцияси орқали тузилган битимлар ижросини кузатиш имкониятларини тақдим этади.
2022 йилнинг январь-июнь ойларида давлат харидлари бўйича электрон савдо тизими xarid.uzex.uz да тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 3,8 маротабага ошиб, қарийб 15,0 трлн сўмни ташкил қилди. Бунда бюджет ва корпоратив буюртмачилари маблағларининг тежалиши 3 маротабага ўсиб, 2,2 млрд сўмга тенг бўлди.
Жорий йилда, шунингдек, буюртмачи ва иштирокчиларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида электрон давлат харидларида иштирок этиш бўйича видеойўриқномалар ишлаб чиқилди ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарқатилди.
Биржанинг Call-маркази операторлари (+71) 207-00-33 телефон рақами ва @uzexfeedbackbot телеграм боти орқали электрон давлат харидлари бўйича мурожаатларни қабул қилиб, уларга тезкор жавоб қайтаришмоқда.
Шу билан бирга, давлат харидлари тизимининг самарадорлигини ошириш ҳамда порталга тадбиркорлик субъектларини янада кенгрок жалб қилиш мақсадида давлат харидлари бўйича танлаш ва тендер электрон тизими – etender.uzex.uz такомиллаштириш, xarid.uzex.uz порталини Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат хизматлари агентлиги билан маълумотлар базалари, ҳамда “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими билан интеграциялаш режалаштирилган.
Давра суҳбатида биржа раҳбарлари ва мутахассислари семинар иштирокчилари қизиқтирган барча саволларга жавоб бердилар, давлат харидлари бўйича киритилган таклиф ва мулоҳазалар кўриб чиқиш ва улар юзасидан тегишли қарорлар чиқариш учун қабул қилинди.
Источник : PR отдел АО "УзРТСБ"
Курилди: 2786