ОАВ вакиллари учун пресс-тур ўтказилди | Новости

07 Июн 2022

2022 йил 7 июнда “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамиятининг марказий офисида оммавий ахборот воситалари учун “Ун ва ғалла маҳсулотларини сотиш бўйича очиқ биржа савдоларини ўтказиш амалиёти” мавзусида пресс-тур ўтказилди.

Пресс-турдан кўзланган мақсад оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчиликни Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида ун ва ғалла маҳсулотларини очиқ биржа савдоларида сотиш учун яратилган шароитлар билан яқиндан таништиришдан иборат бўлди.

Тадбир мобайнида таъкидлаб ўтилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ун маҳсулотлари жорий йил 1 июндан, ғалла маҳсулотлари эса 1 июлдан бошлаб очиқ биржа савдоларига қўйилиши белгиланди.

Ғаллачиликда бозор механизмларини жорий этилишидан кўзланган асосий мақсад буғдой ва ун учун нархларнинг барқарорлигини таъминлашдан иборатдир.

Ўз навбатида маҳсулотлар учун нархлар барқарорлигига эришишнинг энг самарали усули бу талаб ва таклиф мутаносиблигини таъминлаш ҳисобланади. Шаффоф биржа савдолари эса мана шундай имкониятларни тақдим этади.

Мазкур вазифаларни ижро этиш доирасида Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасида зарур шарт-шароитлар яратилган.

Хусусан, буғдой маҳсулотларини биржа орқали сотишда фермерлар белгиланган биржа комиссион тўловлари ва гаров маблағларини киритишдан озод этилади.

Буғдойни биржа орқали туманларда самарали сотилишини йўлга қўйиш мақсадида 20 мингдан зиёд фермерлар ўқитилди, ҳамда биржада электрон рақамли имзо орқали соддалаштирилган тартибда рўйхатдан ўтказилиб, брокерлик идораларига бириктирилди.

Шунингдек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида фаолият юритаётган брокерлар сонини кўпайтириш мақсадида биржа мутахассислари томонидан Ўзбекистон Савдо саноат палатасининг қарийб 200 та ходимлари ва фермерларнинг 500 дан зиёд бухгалтерлари брокерликка ўқитилди ва биржада брокер сифатида рўйхатдан ўтказилди.

Маълумки, коронавирус пандемияси шароитида 2020 йил 16 апрелдан, ун маҳсулотини биржа савдоларисиз тўғридан-тўғри шартномалар асосида етказиб бериш бўйича вақтинчалик тартиб ўрнатилган эди.

Бироқ ушбу тизим шаффоф бўлмаганлиги сабабли жорий йилнинг май ойида арзонлаштирилган уннинг бир қопи 140-145 минг сўм атрофида сотилиши тавсия этилганлигига қарамасдан мазкур ун мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ўртача 270-290 минг сўм атрофида сотилиб келинган.

Шу муносабат билан, жорий йил 1 июндан бошлаб 1-навли ун маҳсулоти “Уздонмаҳсулот” АЖ корхоналари томонидан очиқ биржа савдоларига қўйилиши ва сотилиши бошланди. Бунда, аввалги тизимдан фарқли равишда биржа савдолари шаффофлик ва бозор тамойиллари асосида ўтказилмоқда.

Ўз навбатида, ун маҳсулотларининг биржа орқали сотилиши, ушбу маҳсулотлар учун ҳақиқий бозор нархларининг шаклланиши, уларнинг ҳаракатланиши ва солиқ тушумларининг шаффофлигини таъминлайди.

Шунингдек, савдоларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида ун маҳсулотларини кунма-кун биржа савдоларига қўйилиш ҳажмлари ва унинг котировкалари яъни нархлари биржанинг расмий вебсайти, ижтимоий тармоқ ва оммавий ахборот воситаларида мунтазам равишда эълон қилиниб борилмоқда.

Хусусан, бундан аввал мамлакатимизда истеъмол учун чиқарилган уннинг ойлик ҳажми 140 минг тоннани ташкил этган бўлса, июнь ойида биржа савдоларига 170 минг тонна ун маҳсулотлари қўйилиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, 2020 йилда ўтказилган биржа савдоларига ўртача 6,9 минг тонна ун маҳсулотлари қўйилган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич 10 минг тоннани ташкил қилмоқда. Яъни мамлакатимизда ун заҳиралари етарли бўлганлиги сабабли биржа савдоларига кўпроқ миқдорда ун чиқарилмоқда ва ун бозорларида таклиф даражаси ошмоқда.

1-6 июнь кунлари Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида 1-навли ун бўйича дастлабки биржа савдолари ўтказилди. Бозорни ун маҳсулоти билан тезкор тўлдириш мақсадида 4 июнь шанба кунида ҳам қўшимча биржа савдолари ўтказилган.

Ўтган даврда “Ўздонмаҳсулот” АЖ таркибидаги 44 та корхоналар томонидан биржа савдоларига 45,0 минг тонна 1-навли ун қўйилди ва улардан 43,8 минг тоннаси, яъни 97% сотилди. Биржа савдоларида сотилмаган қолдиқ ун ҳажми 1,2 минг тоннани ташкил қилди.

Ўтказилган биржа савдо натижаларига кўра 1-навли уннинг ўртача нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 4 549,3 минг сўмни ташкил қилди. Бунда эркин ун бозори янги шароитларда ўзининг барқарор мувозанатини изламоқда.

Уннинг очиқ биржа савдоларига ўтказилиши, ун ҳажмлари ва бозордаги таклиф даражасини ошиши натижасида айни пайтда уннинг бир қопи биржадан ташқари бозорларда ўртача 240-260 минг сўм атрофида сотилмоқда.

Шу билан бирга, унни ҳудудлар кесимида харид қилиш қамрови биржада харидорлар сонининг кўпайиши ҳисобига кенгайиб бормоқда. Хусусан ўтказилган биржа савдоларида иштирок этган харидорларнинг сони 2 822 нафардан 4 518 нафаргача кўпайган.

Пресс-тур давомида матбуот ходимлари биржанинг марказий савдо залида электрон биржа савдоларини бевосита кузатиш имкониятига эга бўлдилар.

Тадбирда, шунингдек, пресс-тур иштирокчилари биржанинг Маълумотларни қайта ишлаш маркази, Call-маркази ва мижозларга хизмат кўрсатувчи фронт-офиснинг фаолияти билан яқиндан танишиб чиқдилар.

Пресс-тур давомида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг раҳбарлари ва мутахассислари матбуот ходимлари ва блогерлар қизиқтирган саволларига жавоб беришди.

Источник : PR отдел АО «УзРТСБ»

Курилди: 3271