АҚШ давлат ташкилотлари вакиллари биржага ташриф буюрдилар | Новости

20 Июн 2022
Жорий йил 20 июнь куни АҚШ Савдо вазирлигининг Тижорат ҳуқуқини ривожлантириш дастури (CLDP) маслаҳатчиси Майкл Кофилд ва Товар биржалари бўйича комиссияси (CFTC) директорининг ўринбосари Кевин Пикколи Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасига ташриф уюштирдилар.
 
Мазкур учрашувдан кўзланган мақсад замонавий биржа савдолари механизмлари ва воситаларини жорий этиш масалалари бўйича маслаҳатлашувларни ўтказишдан иборат бўлди.
 
 
Тадбир аввалида меҳмонларга Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолияти тўғрисидаги презентацион видеоролик намойиш этилди. Хусусан, улар маҳаллий биржани ташкил топиш ва ривожланиш тарихи, унда сотиладиган товар активлари, савдолар ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби ҳамда биржанинг жорий ҳолати ва истиқболли режалари тўғрисида маълумотга эга бўлдилар.
 
Музокаралар давомида АҚШ биржа бозорларининг ҳуқуқий базаси, товар сегментида биржа савдоларини ташкиллаштириш ва ўтказишни давлат ҳамда биржалар томонидан назорат қилиш амалиёти ўрганилди.
 
Шунингдек, АҚШ биржаларида замонавий IT-технологияларнинг қўлланилиши ва янги тенденциялар, риск-менежмент усуллари, биржа омборхоналарининг фаолияти масалалари батафсил муҳокама қилинди.
 
Учрашув якунига кўра, замонавий биржа савдо воситаларини жорий этиш бўйича маслаҳатлашувларни давом эттириш, ҳамкорлик алоқаларини янада фаоллаштириш ҳамда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг янги стратегик режаларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этишда АҚШ вакиллари томонидан ҳар томонлама кўмаклашишга келишиб олинди. 
 

Источник : PR отдел АО "УзРТСБ"

Курилди: 2826