АОКА да ун ва дон маҳсулотига бағишланган навбатдаги матбуот анжумани ўтказилди | Новости

10 Июн 2022

2022 йил 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Дон маҳсулоти корхоналарида ун нархининг шаклланиши, реализация нархлари таҳлили, озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш” мавзусида Ҳисоб палатаси, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, “Уздонмаҳсулот” АЖ ва “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ нинг матбуот анжумани ташкил этилди ва тадбир марказий телеканалларда тўғридан-тўғри эфир орқали намойиш этилди.

Анжуманда таъкидланганидек, фермер хўжаликлари ва ғаллачилик кластерларининг моддий манфаатдорлигини ошириш ҳамда соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга мувофиқ жорий йил 1 июндан ун маҳсулотлари очиқ биржа савдоларига қўйилиши бошланди. Мамлакатимизда ун заҳиралари етарли бўлганлиги сабабли биржа савдоларига кўпроқ миқдорда ун чиқарилмоқда ва ун бозорларида таклиф даражаси ошмоқда.

Бундан аввал жорий йил июнь ойида жами 170 минг тонна ун маҳсулоти биржа савдоларига қўйилиши белгиланган бўлса, ҳозирда ушбу ҳажм яна қўшимча 22 минг тоннага кўпайтирилди. Яъни июнь ойида жами 192 минг тонна ун маҳсулоти биржа савдоларига қўйилиши кутилмоқда.

Айни пайтда ҳар бир савдо кунида 10 минг тоннадан ун маҳсулоти биржа савдоларига қўйиб борилмоқда.

1-10 июнь кунлари Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида ун бўйича ўтказилган очиқ биржа савдоларига кўра қуйидаги натижалар қайд этилди.

Ўтган даврда “Ўздонмаҳсулот” АЖ таркибидаги 44 та корхоналар томонидан биржа савдоларига 85 минг тонна 1-навли ун қўйилди ва улардан 80,8 минг тоннаси, яъни 95% сотилди. Биржа савдоларида сотилмаган қолдиқ ун ҳажми 4,2 минг тоннани ташкил қилди.

Ўз навбатида биржа савдоларида сотилмасдан ортиб қолган ун талаб ўсган пайтларда нархларни барқарорлаштириш мақсадида қўшимча ҳажм сифатида биржа савдоларига қайта қўйилади.

Эркин ун бозори айни пайтда янги бозор шароитларда барқарорлашмоқда. Ўтказилган савдо натижаларига кўра 1-навли уннинг ўртача нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 4 585,1 минг сўмни ташкил қилди. Биржада ун бўйича шаклланган котировка унинг бошланғич нархи (4 236,6 минг сўм)га нисбатан 8,2% га ўсди.

Шунингдек, унни ҳудудлар кесимида харид қилиш қамрови кенгайиб бормоқда. Хусусан ун бўйича ўтказилган биржа савдоларида иштирок этган харидорларнинг сони 1 июнга нисбатан 2 822 нафардан 3 742 нафаргача кўпайган.

Бу ўз навбатида, биржа савдолари орқали сотилаётган ун маҳсулотининг ҳудудлар кесимида мутаносиб тақсимланишини таъминлайди. Хусусан, ун хариди бўйича нисбатан етакчилик қилган ҳудудларга Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти (14%), Самарқанд вилояти (12%), Қашқадарё вилояти (11%), Андижон ва Фарғона вилоятлари (10%дан) киради. Республикамизнинг бошқа ҳудудларининг улушлари 4-8% диапазонда сақланмоқда.

Бугунги кунда, биржа орқали сотилган жами 85 минг тонна ун маҳсулотининг 65% (55,4 минг тонна) харидорларга юкланиб бўлинган.

Ун маҳсулотларини сотиш биржа савдоларига ўтказилиши эвазига ушбу маҳсулотлар учун ҳақиқий бозор нархларининг шаклланиши, уларнинг ҳаракатланиши ва солиқ тушумларининг шаффофлигини таъминламоқда.

Ун маҳсулотларини кунма-кун биржа савдоларига қўйилиш ҳажмлари ва унинг котировкалари, яъни нархлари биржанинг расмий вебсайти, ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида мунтазам равишда эълон қилиниб борилмоқда.

Шу билан бирга, биржада нархлар талаб ва таклиф асосида шаклланиши ҳамда бозорда ўсиш ва пасайиш ҳолатларининг кузатилиши биржа савдолари учун хос ҳисобланади.

Бунда асосий мақсад ушбу ўзгаришларни барқарор диапазонда сақлаб туришдан иборатдир. Бунинг учун мамлакатимизда етарли ресурслар мавжуд, зарур шарт-шароитлар яратилган ва барча имкониятлар ишга туширилган.

 

Источник : PR отдел АО «УзРТСБ»

Курилди: 3680