Ғалла ва ун маҳсулотларини биржа савдоларида сотилиши бўйича матбуот анжумани ўтказилди | Новости

30 Май 2022
2022 йил 30 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, дон маҳсулотлари корхоналарида трансформация жараёнларининг натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари” мавзусида Молия, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Қишлоқ хўжалиги вазирликлари, “Ўздонмаҳсулот” АЖ ва “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ нинг матбуот анжумани ташкил этилди ва тадбир марказий телеканалларда тўғридан-тўғри эфир орқали намойиш этилди.
 
Анжуманда таъкидланганидек, фермер хўжаликлари ва ғаллачилик кластерларининг моддий манфаатдорлигини ошириш ҳамда соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
 
Ғаллачиликда бозор механизмларини жорий этишдан кўзланган асосий мақсад буғдой учун нархларнинг барқарорлигини таъминлашдан иборатдир. Бунга фермер ва кластерлар ғалласини биржа савдоларига олиб чиқиш орқали уларнинг шахсий манфаатдорлигини ошириш ва улар етиштираётган ғалла ҳосилдорлигини кўтариш орқали эришиш мумкин. Яъни биржада таклиф даражасини ошириш орқали ғалла нархининг пасайтириш ёки тор доирадаги диапазонда сақлаб туриш мумкин.
 
 
 
Қарорда ғалла бозорини эркинлаштиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Жумладан 500 минг тонна буғдой фермерлар томонидан очиқ биржа савдолари орқали бозор нархларида сотилади. Бунинг учун Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида барча зарур шарт-шароитлар яратилган.
 
Биринчидан, буғдой маҳсулотларини биржа орқали сотишда фермерлар белгиланган биржа комиссион тўловлари ва гаров маблағларини киритишдан озод этилади.
 
Буғдойни биржа орқали туманларда самарали сотилишини йўлга қўйиш мақсадида 20 мингдан зиёд фермерлар ўқитилди, ҳамда биржада электрон рақамли имзо орқали соддалаштирилган тартибда рўйхатдан ўтказилиб, брокерлик идораларига бириктирилди.
 
Шунингдек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида фаолият юритаётган брокерлар сонини кўпайтириш мақсадида биржа мутахассислари томонидан Ўзбекистон Савдо саноат палатасининг қарийб 200 та ходимлари ва фермерларнинг 500 дан зиёд бухгалтерлари брокерликка ўқитилди ва брокер сифатида рўйхатдан ўтказилди.
 
Маълумки, коронавирус пандемияси шароитида 2020 йил 16 апрелдан, ун маҳсулотини биржа савдоларисиз тўғридан-тўғри шартномалар асосида етказиб бериш бўйича вақтинчалик тартиби ўрнатилган эди.
 
Мазкур тизим шаффоф ва бозор тамойилларига мос эмаслиги сабабли жорий йил 1 июндан ун маҳсулоти Уздонмаҳсулот корхоналари томонидан очиқ биржа савдоларига чекловларсиз қўйилиши ва сотилиши бошланади. Бунда, биржадаги савдолар шаффофлик ва бозор тамойиллари асосида ўтказилади.
 
Хусусан, тасдиқланган жадвалга кўра, жорий йил июнь ойида жами 170 минг тонна ун маҳсулотлари очиқ биржа савдоларига қўйилади. Савдоларда қолипли нон ишлаб чиқарувчилар, аҳолига, шу жумладан олис ҳудудлардаги истъемолчиларга ун етказиб берувчи тадбиркорлар ҳамда қандолат ва бошқа ишлаб чиқарувчилар харидорлар сифатида иштирок этишади.
 
Ўз навбатида, ун маҳсулотларини биржа орқали сотилиши, ушбу маҳсулотлар учун ҳақиқий бозор нархларининг шаклланиши, уларнинг ҳаракатланиши ва солиқ тушумларининг шаффофлигини таъминлайди.
 
Ун ва буғдойни биржа савдолари орқали сотилишига доир барча маълумотлар, шу жумладан унинг котировкалари (нархлари) биржанинг расмий вебсайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва оммавий ахборот воситалари орқали мунтазам равишда эълон қилиниб борилади.
 
Матбуот анжумани давомида вазирлик ва идоралари ҳамда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг раҳбарлари ва мутахассислари журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб беришди.
 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Курилди: 3312